Иван Бошкович: "Агар бор кучингизни майдонда қолдирсангиз, футбол сиздан қарздор бўлиб қолмайди"

Aslanov Jasurbek
22 ноя 2026, 21:35
Суперлиганинг 28-туридан ўрин олган "Динамо" – "Бунёдкор" (0:1) ўйинидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Иван Бошкович матбуот анжуманида иштирок этди.

– Ўйин ҳақида...
– Жуда мураккаб учрашув бўлди. Биз қийин ва оғир ўйин кутган эдик, айниқса психологик жиҳатдан баҳс жуда оғир кечди. Ҳамма бу учрашув қанчалик муҳим эканини яхши англаб турганди; мен ҳатто буни ўзимиз учун деярли финалга тенглаштирдим: ғалаба қозонган тақдирда, ўтиш ўйинларидан қутулиб қолиш имкониятини сақлаб қолар эдик. Кучли иштиёқ эвазига мақсадимизга эришдик, барча ғалабага ишонди. Ўйлайманки, аввалги баъзи ўйинларда яхшироқ ҳаракат қилганмиз, аммо натижага эриша олмаганмиз – футбол шунақа. Агар бор кучингизни майдонда қолдирсангиз, футбол сиздан қарздор бўлиб қолмайди. Буни йигитларга доимо такрорлаб келганман. Уларга баракалла – охиригача ўйнашди ва курашишди. Фикримча, рақиб ҳам жуда яхши ўйин намойиш этди, бироқ биз ўз вазиятимизни кутдик ва ўша лаҳза келди. Майдонда бир нечта баҳсли вазиятлар юзага келди, лекин бунга ҳам муносиб эдик, деб ўйлайман: бугун омад биз томонда бўлди. Энди олдинга интилиб, кейинги баҳсга тайёргарлик кўрамиз. Ҳозирча хаволаниб кетишга ҳаққимиз йўқ, чунки 22-санада бизни "Андижон"га қарши навбатдаги "финал" кутиб турибди. Йигитлар бу вазифани ҳам уддалаб, ғалаба қозона олишларига ишонаман.

– Гол муаллифи Абдунабиев захирадан майдонга тушишидан аввал у билан анча узоқ суҳбатлашдингиз. Унга бирор аниқ кўрсатма бердингизми ёки зарба шунчаки ўхшаб қолдими? Балки рақибнинг ҳимоясида ёки майдон марказида қандайдир муаммоларни пайқагандирсиз?
– Биз захирадан майдонга тушадиган футболчиларга доимо умид боғлаймиз. Бундан аввал ҳам захирадан ўйинга қўшилган ўйинчилар жамоага ёрдам бериб, гол уришган. У аввалроқ "Пахтакор"га қарши учрашувда ҳам гол уриб, жамоага ёрдам берган эди. Афсуски, ўша баҳсда ғалаба қозона олмагандик, аммо бугун бу яна ўз самарасини берди. Ўйлайманки, тажрибалироқ футболчи сифатида у масъулиятни ўз зиммасига олиши лозим ва мен ундан шуни кутган эдим. Унда биз фойдаланиб қолган кучли жиҳатлар бор: рақиб ҳимоя ортида катта бўш ҳудудлар қолдираётганди, у эса тезкор ва зарбаси кучли футболчи. Айнан шу сабабли уни майдонга туширдик. У ўз вазифасини тўлиқ бажариб, жамоага уч очкони қўлга киритишда ёрдам берди. Гап фақат унда эмас, балки майдонга тушган барча йигитларда: улар ўйинга тетиклик олиб киришди ва натижани сақлаб қолиш ёки рақибни яна бир бор жазолаш учун зарур бўлган энергия даражасини ўйин охиригача ушлаб туришди. 1:0 ҳисоби – бугунги энг муҳим натижа, яъни ғалаба. Умид қиламанки, энди фақат олдинга ҳаракатланамиз.

– Эҳтимол, барчани қизиқтираётган биринчи савол: сунъий офсайдни машқ қилишга қанча вақт ажратасиз?
– Мураббий сифатида ўзим бу жиҳат устида алоҳида ишлаганим йўқ. Биз футболчиларга доимо тактик жиҳатларни тушунтиришга ҳаракат қиламиз – рақибга ҳимоя ортига узатмалар бериш имконини бермаслик ва қайтган тўпларда доимо тайёр туриш лозим. Бироқ бунинг учун вақт талаб этилади. Сунъий офсайд – жуда таваккалчиликка асосланган тактика, шу боис Ўзбекистон чемпионатида ҳатто юқори даражада ҳам ундан фойдаланадиган жамоалар кам, деб ўйлайман. Буни қўллаш учун вақт ҳамда узоқ вақт бирга тўп сурган футболчилар керак.

– Бу саволни беришимга сабаб – офсайд туфайли учта гол бекор қилинди, умуман олганда ҳам ўйин давомида офсайд ҳолатлари жуда кўп қайд этилди.
– Ўйин шундай кечди. Бизнинг ҳам бир голимиз бекор қилинди – рақибда бўлгани каби у ерда ҳам жуда кичик офсайд бор эди, деб ўйлайман. Бизда баҳс давомидаёқ вазиятларни тезкорлик билан қайта кўриб чиқиш имконини берадиган технологиялар йўқ, аммо воқеалар айнан шундай ривожланди.

– Аввалдан чуқурроқ ҳимояланиб ўйнаш бўйича кўрсатма берилганмиди ёки бутун учрашув шундай ўтишини аввалбошдан тушуниб турганмидингиз?
– Биласизми, биз доимо юқорироқда – рақиб майдонида ўйнашга ва тўпни олдинги чизиқдаёқ олиб қўйишга интиламиз. Бироқ рақиб ҳам футбол ўйнайди ва улар бунга йўл қўйишмади: рақиб тўпни жуда яхши назорат қилди ва ҳаракатлантирди. Бу – техникаси юқори жамоа. Бундан ташқари, натижанинг муҳимлиги футболчиларимизга руҳий жиҳатдан билвосита таъсир кўрсатди. Шу боис орқароққа чекинишга мажбур бўлдик, аммо йигитлар бу вазифани ҳам уддалашди, деб ҳисоблайман: бизда қарши ҳужумлар учун кўплаб қулай вазиятлар юзага келди. Биз рақиб ҳужумларини юқорида бузишга ҳаракат қилдик, бироқ рақибда биздаги каби натижа босими йўқ эди, шу сабабли улар эркин ҳолда ўз футболини намойиш этишди. Шунга қарамай, бугун улар самарали ўйин кўрсата олишмади. Мен "Динамо"ни яхши ўйин билан яна бир бор эътироф этмоқчиман – улар жуда муносиб ҳаракат қилишди.

– "Динамо" ҳимоясидаги кўплаб хатоларни инобатга олганда, ҳужумчиларингиз қарши ҳужумларда бир қатор вазиятлардан фойдалана олмагандай туюлмадими?
– Бу ерда гап айнан тўп билан муомала қилиш сифати ҳақида бормоқда. Биз "Динамо" таркибида кучли футболчилар борлигини билардик. Албатта, рақиб жуда юқорида ўйнаб, ортида бўш ҳудуд қолдирганида, бизда ҳам ушбу ҳудудлардан фойдалана оладиган сифатли ва техник ўйинчилар мавжуд. Кенг майдонда иккига бир, учга икки – яъни сон жиҳатидан устунлик – ёки бирга бир вазиятлар юзага келганда, ҳатто энг юқори даражадаги марказий ҳимоячиларга ҳам бундай ҳолатларни бартараф этиш жуда қийин бўлади. Бироқ фикрингизга қўшиламан – мен доимо бундан ҳам кўпроғини кутаман. Ҳатто "Нефтчи" ва "Хоразм"га қарши баҳсларда ҳам шундай вазиятлар кўп бўлган, аммо футболчиларимиз улардан максимал даражада фойдалана олишмаган эди.

– Рақиб ўйинини мақтадингиз, ўз жамоангиз ҳаракатларини қандай баҳолайсиз? Шогирдларингизнинг ўйини сизга маъқул келдими?
– Яна такрорлайман: баъзан айнан шундай – иштиёқ ва характер эвазига ўйнашга тўғри келади. Бугун нима сабабдан орқароқда ҳаракатланганимиз ва барча ички муаммоларимизни ҳозир ошкор эта олмайман, аммо кўп нарса рақиб даражасига ҳам боғлиқ. Бизнинг нима исташимиз – бир масала, рақибнинг нимага йўл қўйиб бериши эса – бошқа масала. Бугун рақиб бизга ўзимиз режалаштирган футболни кўрсатишга имкон бермади. Шунга қарамай, яхши жамоа турли услубларда ўйнай олиши керак. Айнан шунинг учун натижанинг муҳимлиги футболчилар ҳаракатига билвосита таъсир қилганини таъкидлаяпман. Лекин мен, шубҳасиз, мамнунман: футболчилар жанговар, характерли, тезкор ва қарши ҳужумларга асосланган футбол ўйнай олишларини ҳам исботлашди ва бу ўз натижасини берди.

Ўхшаш янгиликлар

Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia