

- Айтишим мумкинки, жуда қийин ўйин бўлди. Мен осон ўйин кутмагандим, лекин бунчалик қийин кечишини ҳам тахмин қилмаган эдим. Ўйлайманки, биз ўзимиз истаган ва ўйнай оладиган футболни намойиш эта олмадик. Жамоамиз бундан ҳам яхшироқ ўйнашга қодир, аммо очиғини айтганда, рақиб бунга йўл қўймади. Улар биз футболчилардан талаб қиладиган ўйин услубини кўрсатишимизга имкон беришмади. Шунинг учун бу ғалаба биз учун жуда муҳим. Биринчи бўлимда концентрация етишмади, кўплаб ҳолатларда болаларча хатоларга йўл қўйдик. Балки футболчилар рақибнинг очколари камлигини ҳисобга олиб, ўйинга бироз бўшашган ҳолда чиққандир. Бу, албатта, психологик ҳолатга таъсир қилади. Мен уларни олдиндан огоҳлантирган эдим, лекин бу омил барибир ўз таъсирини кўрсатди. Биринчи бўлимда "Машъал"да ҳам, бизда ҳам яхши вазиятлар бўлди. Шунга қарамай, бироз омад ёрдамида биринчи бўлимда вазиятни ўзгартиришга муваффақ бўлдик.
"Машъал" жамоасини яна бир бор мақтасам арзийди. Нима учун уларнинг ҳисобида атиги тўрт очко борлигини тушунмайман, чунки бугун жуда кучли қаршилик кўрсатишди. Иккинчи бўлимда эса ўйинимизни бироз яхшиладик, концентрацияни керакли даражага олиб чиқдик. "Машъал"да аввалгидек яққол голли вазиятлар кўп бўлмади, биз эса ўйинни назорат қилишга ҳаракат қилдик. Учрашув тақдирини эртароқ ҳал қилишимиз мумкин бўлган бир нечта яхши имкониятлар ҳам бўлди. Бироқ сўнгги беш-ўн дақиқада ҳамма бироз асабийлашди — футболчилар ҳам, биз ҳам. Шунга қарамай, ўз футболчиларимни ҳам, "Машъал" футболчиларини ҳам яхши ўйин билан табриклайман. Ўйлайманки, мухлислар учун ҳам жуда қизиқарли учрашув бўлди. Ҳозирги вазиятда бу уч очко биз учун ниҳоятда муҳим. Энди биз плей-оффга тушмасдан, олий лигадаги ўрнимизни сақлаб қолиш учун охиригача кураша оладиган ҳолатдамиз.
- Сўнгги ўйинларда Шамсиддин Турсунмахамадов ва Ислом Анваров ҳужумкорроқ позицияларда ўйнаётганини кўряпмиз. Бу сизнинг тактик қарорингизми ёки рақибга қараб ўзгарадими?
- Бу — мен ва мураббийлар штаби футболчилардан талаб қилаётган ўйин услубининг бир қисми. "Бунёдкор" қандай футбол намойиш этиши кераклигини яхши биламиз. Футболчиларимиз малакали ва жуда иқтидорли. Ўйинлар давомида уларнинг ўзига бўлган ишончи ҳам ортиб боради. Мен улардан янада яхшироқ ўйин кутаяпман, айниқса, ҳужумдаги ҳаракатларидан. Сўнгги бир нечта учрашувда буни сезиш мумкин. Албатта, натижа учун босим ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Бироқ футболчиларимиз ҳужумда янада фаолроқ ҳаракат қилиш имкониятига эга эканини ўзлари ҳам ҳис қилиб боришяпти. Умид қиламанки, нафақат улар, балки бутун жамоа ҳужумда янада фаолроқ ўйнайди ва кўпроқ гол уради. Бугун иккита гол урдик, бу эса қувонарли ҳолат. Бундан ташқари, яна бир нечта вазиятларимиз ҳам бўлди. Яна бир жиҳатни таъкидлашим керак: олдимизда расмий ўйинларсиз ўтадиган 15 кунлик танаффус бор. "Нефтчи"га қарши учрашув 14 ноябрга кўчирилди, кейинги ўйинимиз эса 6 ноябрга белгиланган. Бу вақт давомида жароҳат олган, чарчоқ ҳис қилаётган ёки сариқ карточкалари бор футболчиларимиз оптимал жисмоний ҳолатга қайтиб олишлари мумкин. Ўйлайманки, шундан кейин жамоамиз янада кучаяди.
- "Нефтчи"га қарши ўйин кўчирилганини айтдингиз. Бу орада FIFA кунлари ҳам бор. Бундай узоқ танаффус футболчиларнинг спорт формасига салбий таъсир кўрсатмайдими?
- Менимча, аксинча, бу танаффус бизга фойда келтиради. Кривокапич, Плетнёв, Олимжонов ва ҳатто Носир Абдусаломовга ҳам тикланиш ва жамоа ўйинига мослашиш учун қўшимча вақт беради. Бугун Носир Абдусаломов соҳасида оғриқ ҳис қилди. Шунинг учун таваккал қилишни истамадик. Бу футболчиларнинг барчаси биз учун жуда муҳим, улар тажрибали ўйинчилар. Ўйлайманки, танаффус бизга куч тўплаш, жисмоний ҳолатимизни яхшилаш ва ўйинимиз сифатини ошириш учун қўшимча имконият яратади. Натижада бошқа рақибларга қарши янада рақобатбардош бўла оламиз.
- Кейинги мавсумдан чемпионат форматини "куз-баҳор" тизимига ўзгартириш лойиҳаси муҳокама қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Мураббий ва мутахассис сифатида бу ташаббусга қандай қарайсиз?
- Сифатли футбол ўйналишини истайдиган мураббий сифатида айтишим мумкинки, барчамиз чиройли ва юқори савиядаги футболни кўришни ҳам, намойиш этишни ҳам хоҳлаймиз. Бунинг учун энг аввало, сифатли майдонлар керак. Шунда футболчилар ҳам, мухлислар ҳам ўйиндан завқ олади. Менимча, сўнгги икки йилда майдонлар сифати билан боғлиқ муаммолар сезиларли даражада кучайди. Бу айниқса ёз ва қиш ойларида, шунингдек, машғулотлар жараёнида ҳам сезилади. Шунинг учун чемпионат тизимини ўзгартириш масаласини ҳар томонлама таҳлил қилиш, унинг ижобий ва салбий жиҳатларини баҳолаш зарур. Аммо менда бир хавотир бор: агар ноябрь, декабрь, январь ва февраль ойларида расмий ўйинлар ўтказилса, мавжуд майдонлар футболни юқори савияда намойиш этишга имкон бера оладими? Мени айнан шу масала ўйлантиряпти. Албатта, бошқаларнинг фикри бизникидан фарқ қилиши мумкин. Биз эса ўз ишимизни давом эттиришимиз керак. Лекин барчамизнинг мақсадимиз бир — мамлакатимизда футбол сифатини ошириш. Замонавий футболни лой ва сифатсиз майдонларда ўйнаб бўлмайди. Чемпионлар лигасидаги учрашувларни кузатинг: майдонлар қандай ҳолатда? Агар ўша мусобақаларда ҳам биздаги каби майдонлар бўлганида, футболнинг сифати қандай бўларди? Менимча, бу — биринчи навбатда ҳал қилиниши керак бўлган масала.



