Ислом Аҳмедов: "Ўйинимиз чиройли бўлмаса-да, муҳим ғалабани қўлга киритдик"

Aslanov Jasurbek
29 ноя 2026, 19:54
Суперлиганинг 29-туридан ўрин олган "Андижон" – "Бунёдкор" (3:1) ўйинидан кейин мезбонлар бош мураббийи Ислом Аҳмедов матбуот анжуманида иштирок этди.

– Ўйин ҳақидаги фикрларингизни билдириб ўтсангиз.
– Шукрки, ўз майдонимиздаги сўнгги учрашувни ғалаба билан якунлашга муваффақ бўлдик. Бизни сўнгги дақиқаларгача қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизга самимий миннатдорлик билдирамиз. Жорий мавсумда улар кутган натижаларни қайд эта олмаган бўлсак-да, имкониятимиз даражасида бор кучимиз билан ҳаракат қилдик.

Учрашувга тўхталадиган бўлсам, "Локомотив"га қарши ўйинда футболчиларимиз катта куч сарфлаган эди. Бу ҳолат бугунги баҳсда ҳам ўз таъсирини кўрсатди: ўйин аввалида жамоамиз ўз майдонида бирмунча эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди. Боиси, мағлубиятлардан сўнг футболчиларда ўзига бўлган ишонч маълум даражада пасаяди. Шу сабабли дастлабки голни ўтказиб юбордик. Бироқ футболчиларимиз ўзларида куч топиб, охиригача кураш олиб боришди. Бунинг учун уларга чуқур миннатдорлик билдираман. Охиригача курашиб, бор куч-ғайратимизни сафарбар этган ҳолда ғалабага эришдик. Ўйинимиз у қадар чиройли чиқмаган бўлса-да, энг асосийси – муҳим ғалабани қўлга киритдик.

– Жорий йил Суперлига баҳсларида бош мураббий сифатида дебютингизни ўтказдингиз. Мавсум давомида "Андижон"да қайд этилаётган натижаларга муносабатингиз қандай? Бош мураббийлик фаолиятингизни беш баллик тизимда неча баҳога лойиқ кўрган бўлардингиз?
– Очиғини айтганда, жорий йилдаги ҳар бир кунимиз биз учун катта тажриба бўлмоқда. Дастлаб жамоага ёрдамчи мураббий сифатида келган эдик, тақдир тақозоси билан бош мураббийлик масъулиятини зиммамизга олдик. Таъкидлаганимдек, ҳар бир кунимиз тажриба келтирмоқда. Эҳтимол, муайян хатоларга кўпроқ йўл қўяётгандирмиз, аммо буларнинг барчаси биз учун қимматли сабоқ бўлиб хизмат қилмоқда. Агар барчаси мавсум бошидагидек текис давом этиб, уч-тўрт турда ёки еттита учрашувда ғалабаларга эришиб, ҳозирга қадар муваффақиятли юриш қилганимизда, эҳтимол, бугунги тажрибага эга бўлмас эдик. Ҳар бир мағлубият биз учун улкан тажриба бўлмоқда.

Ўз фаолиятимизга баҳо берадиган бўлсак, қайд этган натижаларимизни қониқарсиз деб ҳисоблаймиз. Зеро, бундан ҳам яхшироқ натижа кўрсатиш имкониятига эга эдик. Шу боис ўз устимизда ишлаш ва изланишда давом этамиз. Жорий мавсумда йўл қўйилган барча хатолар биз учун катта тажриба бўлди. Келажакда фаолиятимизни давом эттириш насиб этса, ушбу хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз.

– Иккинчи бўлимда майдонга тушган Ҳамидулло Каримовнинг захирага олиниши вақтдан ютиш мақсадида амалга оширилдими?
– Ҳа, бу тактик қарор эди.

Ўхшаш янгиликлар

Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›