

– Ўйин ҳақида фикрингиз...
– Ўйинга келадиган бўлсак, жиддий тайёргарлик кўрган эдик. Ҳозирги лигада осон ўйиннинг ўзи йўқ. Икки очко йўқотдик – жуда аламли очко йўқотдик. Унинг устига, ўн киши бўлиб қолдик. Шундай бўлса ҳам, хавфли вазиятларимиз бўлди, бироқ фойдалана олмадик. Бу – футбол, охиригача курашамиз.
Шу вақтгача бизни қўллаб-қувватлаш учун келган мухлисларимиздан узр сўраймиз. Биринчи даврадан кейинги статистикага кўра, энг кўп томошабин бизнинг ўйинларга келган экан. Бугун ҳам стадионда томошабинлар кўп бўлди. Мухлислардан узр сўраб, раҳбариятдан эса сабрли бўлишларини илтимос қилиб қоламиз. Кейинги ўйинларга янада қаттиқроқ тайёргарлик кўрамиз.
Тўғри, биз ҳозир қулай зонада эмасмиз, чунки бугун уч очко олишимиз шарт эди. Буёғини раҳбарият кўриб чиқади, улар қандай қарорга келса, шунга қараб иш қилаверамиз. Энг аламлиси, ўтган турда ҳам айтганимдек: биз турнир жадвалида ўз ўрнимизда эмасмиз. Жамоага яхши, сифатли ва тажрибали футболчиларни жалб қилганмиз, лекин гол ура олмаяпмиз. Вазиятлардан унумли фойдалана олмаяпмиз.
– Мавсум бошидан бери асосий ҳимоячи бўлган Бубанья бугун захирада қолдирилиб, Нажмиддин Нормуродовга имкон бердингиз. У футболчи эса иккинчи сариқ карточкасини олиб, жамоани бир киши кам бўлиб қолишига сабаб бўлди. Бубаньяда жароҳат бормиди ёки Нормуродовни синаб кўрмоқчи эдингизми?
– Бубанья бўйича ротацияга қўл урдик, чунки бизда кубок доирасида оғир ўйин бўлган эди. Бироз толиқиш аломатлари бор эди, шунинг учун унга бугун дам бердик. Очиғини айтганда, Нажмиддин Нормуродов бу зонада яхшироқ ҳаракат қилади, деб ўйлаган эдик. Лекин у иккита сариқ карточка олди ва майдонда ўн киши бўлиб қолдик.
Шунга қарамай, стандарт вазиятлардан унумли фойдаланишимиз керак эди. Ёш йигитлар футбол ҳаяжони билан ўзларига хавфли вазиятларни яратиб, ўйинни бой бериб қўйишди. Озгина ҳушёрликни йўқотдик. Ўн киши бўлиб қолган бўлсак-да, барибир голли вазиятларимиз бўлди. Энди ҳозир видеони кўрамиз, яна иккита-учта ўйин таҳлилини қиламиз. Вазиятни ўнглаш учун бизга очколар сув ва ҳаводек зарур. Рақибларни гапирмоқчи эмасман, барибир ўзимиз аламли ва жуда ҳам керакли бўлган икки очкони йўқотдик.
– Мавсум бошида "Металлург" Суперлига учун асосий номзодлардан бири эди. Ҳозир, ўзингиз айтганингиздек, жадвал ўртасида, юқоридан пастроқда боряпсизлар. Рақиблар тобора узоқлашиб кетяпти. Имкониятлар қанчалик йўқотилди? Асосий мақсад барибир Суперлигага чиқиш, тўғрими?
– Мақсадимиз – барибир Суперлигага чиқиш. Лекин билмайман... юқорида таъкидлаганимдек, тажрибали ва сифатли футболчиларни олдик, вазиятлар яратяпмиз, бироқ гол кирмаяпти. Нима бўлаётганини ўзим ҳам тушунмаяпман. Балки мураббийлар штабида қон алмаштириш керакдир. Буни мураббийлар ва раҳбарият билан биргаликда гаплашиб чиқамиз. Раҳбарият қандай қарор қабул қилса, шунга қараб иш кўрамиз.
– Ўйинни 90 дақиқа давомида томоша қилдик. Ўзимиз биринчи бўлиб гол киритиб олдик. Аммо рақиб урган голда битта ҳужумчига тўртта ҳимоячимиз қараб турди, ҳеч қайси бири фаол қаршилик кўрсатмади ва у бемалол бош билан дарвозага тўп киритди.
– Худди шуни айтяпман-да, 1:0 ҳисобида олдинда бораётган эдик. Ўша стандарт вазиятда яққол ҳушёрликни йўқотдик. Дарвозабонимизга ҳам уқтирган эдим: "Ҳушёр бўлиб туриш керак", – деб. Бироқ диққатни йўқотдик ва ўзимизга ўзимиз гол олиб келдик. Тажрибали футболчилар қандай қилиб бундай муҳим вазиятда диққатини йўқотиши мумкин, билмайман.
Инобатга олинмаган голимизга келсак... билмадим, бизнинг назаримизда тоза гол бор эди, лекин ҳакам офсайд қайд этди. Эҳтимол, офсайд бордир, шунинг учун ҳакамни айблайдиган жойим йўқ. Шунчаки, ўзимиз юта олмаяпмиз. Нима бўлаётганига ўзим ҳам ҳайронман. Машғулотларда ҳаммасини бажаряпмиз, назарий машғулотларда тушунтиряпмиз, слайдлар орқали кўрсатиб беряпмиз. Афсуски, майдонда натижа чиқара олмаяпмиз.
Лекин умид бор. Имконият ҳали етарлича. Иккинчи давра эндигина бошланди. Ўйинни мураббийлар штаби билан чуқур таҳлил қилиб чиқамиз ва хатолар устида ишлаймиз.



