

– Бугунги мураккаб ва аҳамиятли ғалаба билан табриклайман. Учрашув ҳақида қисқача фикр билдириб ўтсангиз.
– Бугунги беллашув биз учун оғир ва шу билан бирга, жуда қизиқарли кечди. Айниқса, учрашув сўнгида воқеалар ривожи кескин тус олди. Биз эса ўз ўрнида, ўйин охирида ҳақиқий чемпионлик характерини намойиш эта олдик.
– Бугунги учрашув йил ўйини бўлишга даъвогарлик қила оладими?
– Тўғри, бунгача ҳам қизиқарли баҳслар кўп бўлди. Бироқ мавсум сўнги яқинлашиб қолгани ва чемпионлик масаласи ҳал этилаётгани инобатга олинса, ушбу баҳсни бемалол йил ўйини қаторига қўшиш мумкин.
– Стадиондаги мухлислар ва яратилган муҳит ҳисобда ортда қолаётган вазиятдан (0:1) чиқиб кетишингизга қанчалик ёрдам берди?
– Албатта, бизнинг мухлисларимиз Ўзбекистондаги энг яхши мухлислардан бири ҳисобланади, ҳатто энг яхшиси десам ҳам муболаға бўлмайди. Бугунги ўйинда улар бизга жуда катта ёрдам беришди ва тинимсиз қўллаб-қувватлаб туришди. Ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек, стадион деярли тўлди. Биз уларнинг далдасини доимий равишда, ҳатто 0:1 ҳисобида ортда қолаётган вақтимизда ҳам ҳис қилиб турдик.
– Чемпионлик йўлида навбатдаги муҳим имтиҳондан ўтиб олдинглар. Қолган ўйинлар ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз.
– Келгуси ўйинлар ҳақида ҳозирча гапиришни истамайман, чунки биз ҳар бир баҳсга алоҳида эътибор қаратиб, қадам-бақадам олдинга интиламиз. Навбатдаги учрашувимиз "Бунёдкор" жамоасига қарши бўлиб ўтади. Ушбу ўйинга ҳам жиддий тайёргарлик кўриб, уч очкони қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.
– Сўнгги саволим: миллий терма жамоага чақирув ҳақида бирор хабар бўлмадими?
– Йўқ.



