Ифеани Ифеани: “Бу йилги фаолиятимдан қониқиш ҳосил қилганим йўқ”

Aslanov Jasurbek
19 ноя 2021
“Машъал”нинг нигериялик футболчиси Ифеани Ифеани икки мавсумдирки “газчилар” сафида тўп тепмоқда. Хўш, мавсум якунига етганидан сўнг у “Машъал”да қоладими ёки фаолиятини бошқа жамоада давом эттириши борасида футболчи билан суҳбатлашдик.

“Машъал”даги икки йиллик фаолияти борасида

- Ўтган мавсумдаги фаолиятимдан қониқиш ҳосил қилгандим. Чунки кўплаб ўйинларда майдонга тушгандим. Бу йил эса ўзим кутган даражада ўйнай олмадим. Шу боисдан 2021 йилги мавсумдаги фаолиятимдан қониқиш ҳосил қилганим йўқ. 

Шартномаси тўғрисида

- “Машъал” билан шартномам муддати шу йил якунига етади. Бироқ келгусида қайси жамоада тўп тепишимни олдиндан айта олмайман. Чунки ҳали бу борада ҳеч ким билан гаплашганим йўқ. Ҳаммасини вақт кўрсатади. 

“Машъал”нинг Суперлигадаги иштироки ҳақида

“Мен шуни сизга айта оламанки, “Маъшал” Суперлигада қолиш вазифасини бажара олади. Ҳозирда бошқа жамоаларда ҳам имконият яхши. Лекин биз қолган икки ўйинда ижобий натижа кўрсатган ҳолда бу вазифани уддасидан чиқа оламиз. 

Энг қийин баҳс борасида

“Менимча, мавсумдаги энг қийин ўйин сифатида Муборакда “Локомотив”га қарши кечган баҳсни айта оламан. Шу куни ютқазиб қўйдик. Шу ўйин биз учун оғир ўтди.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia