Ҳамдамов ва Пажишек тандеми яна иш берди, “Қўқон-1912” жуда кеч уйғонди — Абдулазиз Искандаров
05 мар 15:37
Янгиликлар
Ҳамдамов ва Пажишек тандеми яна иш берди, “Қўқон-1912” жуда кеч уйғонди — Абдулазиз Искандаров
Ёмғирли об-ҳаво, майдон ҳолати, мураббий қарорлари, захирадан тушган футболчилар ва ҳатто ВАР орқали кўриб чиқилган баҳсли эпизод ҳам учрашув драматургиясини янада кучайтирди. Айниқса, иккинчи бўлимда Камолиддин Тожиев томонидан амалга оширилган ўзгаришлар ўйин тақдирига сезиларли таъсир кўрсатди. Натижада "шерлар" Қўқонда сўнгги йиллардаги ноқулай анъанани бузиб, муҳим ғалабага эришди.
Ноқулай об-ҳаво ўйин ритмини бузди
Қўқондаги ёмғирли об-ҳаво ва оғир майдон биринчи бўлимда ҳар икки жамоанинг режаларини маълум даражада ўзгартириб юборди. Бундай шароитда техник ва комбинацион футбол намойиш этиш осон эмас. Шу боис жамоалар аввало майдон билан "тил топишиб олиш"га мажбур бўлишди.
Биринчи бўлимда кўпроқ жисмоний курашлар, узун узатмалар ва эҳтиёткор ўйин кузатилди. "Пахтакор" меҳмонда ўйнаётганига қарамай тўп назоратини қўлга олишга ҳаракат қилди ва позицион устунликка эришди. "Қўқон-1912" эса ҳимояда интизомли ҳаракат қилиб, қарши ҳужумлар орқали имконият излашга уринди.
Иккинчи бўлимга келиб ўйин ритми анча тезлашди. Бироқ бу ташаббусни майдон эгалари эмас, балки "Пахтакор" футболчилари бошлаб берди.

Тожиевнинг захира қуроллари
Иккинчи бўлим бошида Камолиддин Тожиев амалга оширган ўзгаришлар учрашувнинг бурилиш нуқтасига айланди. Мураббий Достон Ҳамдамов ва Пётр Пажишекни майдонга туширди. Бу икки футболчи илк турда "Қизилқум"га қарши ўйинда ҳам жамоасига ғалаба келтирганди.
Қизиғи шундаки, ушбу тандем Қўқонда ҳам самара берди. Пажишекнинг фаоллиги ва Ҳамдамовнинг ҳужум чизиғидаги ҳаракатчанлиги рақиб ҳимоясига муаммоларни ёғдирди. Бу эса "Пахтакор"нинг ҳужумларини янада хавфли қилди. Лекин 2 та ўйинда ўхшаган нарса кейинги турларда яна такрорланишини кафолатини бермайди, чунки Пажишек ҳозирча 90 дақиқага тайёр эмаслиги сабабли асосан иккинчи бўлимда майдонга туширилмоқда. Агар у оптимал спорт формасига кирса, келгусида бошланғич таркибда ҳам кўпроқ имконият олиши мумкин.
Достон Ҳамдамовнинг ҳаракатлари эса алоҳида эътиборга лойиқ. У нафақат ҳужумларни фаоллаштирди, балки жамоанинг олдинги чизиғидаги ҳаракатларига ранг-баранглик қўша олди. Агар у шу темпни сақлаб қолса, терма жамоа йиғинига чақирув олиши эҳтимоли юқори. Зеро, бош мураббий Фабио Каннаваро уни ўтган йил ноябрь ойидаги йиғинларга ҳам жалб этган ва Мисрга қарши ўйинда майдонга туширганди.

Учрашувнинг кульминацион палласи
Ўйиннинг энг баҳсли ва драматик лаҳзаларидан бири 70-дақиқада юз берди. "Пахтакор" ҳужумчиси Тома Табатадзе тезкор ҳужумга чиқиб кетаётган пайтда "Қўқон-1912" ҳимоячиси Муҳаммадрасул Абдумажидов уни тўхтатиб қолди. Бир қарашда бу вазият очиқ голли имкониятни йўққа чиқариш сифатида баҳоланиб, тўғридан-тўғри қизил карточкага сабаб бўлиши мумкин эди.
Бироқ бош ҳакам Ғайрат Жўраев эпизодни ВАР орқали қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Монитордаги такрорий лавҳалар ҳужум бошланишида офсайд бўлиши мумкинлигини ва ҳужумчининг ҳимоячи ҳаракатига маълум даражада таъсир қилганини кўрсатди. Шу сабабли вазият қайта баҳоланди ва ўйин давом эттирилди.
Championat.asia нашрининг ҳакамлик бўйича мутахассиси, россиялик собиқ ҳакам Анатолий Синяев ("Алё, реф!" телеграм канали) мазкур эпизодга нисбатан қизиқ фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, вазиятни икки хил талқин қилиш мумкин.
Мутахассис фикрига кўра, ҳатто ҳужумчи офсайдда бўлмаган деб ҳисобланган тақдирда ҳам ҳимоячи билан бўлган контактни аниқ қоидабузарлик сифатида баҳолаш қийин. Унга кўра, эпизодда енгил контакт бўлган, аммо ҳужумчи вазиятдан фойдаланиш мақсадида майдонга йиқилган бўлиши мумкин.
Синяевнинг фикрича, идеал қарор — ўйинни давом эттириш эди. Шу билан бирга, ВАР орқали вазиятни қайта кўриш ҳам тўғри қарор бўлган. Чунки бундай эпизодларда голли имконият, қизил карточка ва офсайд эҳтимоли бир вақтнинг ўзида пайдо бўлади.
"Қўқон-1912" кеч уйғонди
Майдон эгалари эса ўйиннинг ҳал қилувчи паллаларида фаоллашди. Бироқ бу ҳаракатлар анча кеч бошланди. "Қўқон-1912" ўйиннинг сўнгги қисмида ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилди, аммо бу вақтга келиб "Пахтакор" ўйин ритмини назорат қилиб улгурган эди. Пенальтидан урилган гол аввалроқ содир этилганида ўйин якуни янада интригали кечарди.
Қўқонликлар ҳужумда фаолликни оширган бўлса-да, якунловчи зарбалар ва аниқ комбинациялар етишмади. Шу сабабли улар рақиб дарвозаси олдида кутилган босимни ярата олмади. Жамоа бутун ўйин давомида рақиби дарвозасига 3 бор зарба йўллади.

"Пахтакор" Қўқонда ноқулай анъанани бузди
Бу ғалаба "Пахтакор" учун нафақат турнир жадвали нуқтаи назаридан, балки психологик жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки Тошкент клуби сўнгги йилларда Қўқонда осон ғалаба қозона олмаётганди.
Статистикага назар ташласак, "Пахтакор"нинг бу майдондаги охирги ғалабаси 2020 йилга тўғри келади. Кейинги учрашувларда эса 2 та дуранг ва 1 марта майдон эгаларининг ғалабаси қайд этилган эди. Шу жиҳатдан қараганда, бу натижа “шерлар” учун муайян психологик тўсиқни енгишга хизмат қилди.
Стартдаги 2 ғалаба "Пахтакор"га ишонч бериши аниқ. Энди уларни 3-турда "Навбаҳор" билан жанг кутмоқда. Бу ўйин 10 март кунига белгиланган. Кейин Суперкубокда "Нефтчи" билан баҳс кутиб турибди. Мартни "Сўғдиёна"га қарши учрашув билан тугатади. Қўқонликлар 11 март куни Тошкентда "Локомотив" меҳмонига айланса, кейин ўз майдонида "Навбаҳор"ни қабул қилади.
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" Вальверденинг хет-триги эвазига "Манчестер Сити"ни мағлуб этди
Суперлига. "Навбаҳор" сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди
Суперлига. "Нефтчи" "Андижон"ни йирик ҳисобда мағлуб этди, Искандеров ўйинни ҳал қилди
ЕЧЛ. "Барселона" меҳмонда "Ньюкасл" билан дуранг ўйнади
Фикрлар
Лекин анави офсайд масаласида кучли Чемпионат хакамлари ўйинчи давом эттирган бўлишарди