Улуғбек Бакаев: "Биринчи финални яхши ўтказдик"

Aslanov Jasurbek
21 ноя 2026, 19:40
Суперлига 28-турдан ўрин олган "Қўқон-1912" – "Сўғдиёна" учрашувидан сўнг "Сўғдиёна" бош мураббийи Улуғбек Бакаев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Турнир жадвалидаги ҳолатдан келиб чиқсак, буёғига ҳар бир баҳс қийин ўтишини биламиз. Ўйиндан олдин йигитларга чемпионатнинг охирги учта ўйини биз учун учта финал бўлишини айтдик. Бугун биринчи финалдан ўтдик. Учрашув ҳақида нима дейишим мумкин, биринчи тайм назоратимиз остида кечди. Гол уришимиз ҳам мумкин эди. Иккинчи бўлимда устунлик рақибга ўтди. Биз тезкор қарши ҳужумларни қўллашга ҳаракат қилдик. Бир вазиятда рақиб ўйинчиси бирга бир чиқиб гол ура олмади, бу эса бизнинг фойдамизга ишлади. Негаки кейинги ҳужумда биз тўп киритдик. Футболда шунақаси ҳам учраб туради. Ғалаба учун йигитларга раҳмат, биринчи финални яхши ўтказиб олдик, энди иккинчисига тайёргарлик кўрамиз.

- "Сўғдиёна" баҳсни уч нафар ҳужумчи билан бошлади. Бундай ҳолат жаҳон футболида ҳам камдан кам кузатилади.
- Тўғри, ҳужумда уч футболчи ҳаракат қилди ва бундан кўзланган мақсад ҳужумчиларнинг бир-бирига ёрдам бериш эди. Муҳими, шогирдлар кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди.

- Жамоа тўпурари Люпчо Дориевнинг шартномаси қачонгача?
- Билишимча, у клуб билан шартномасини 2028 ёки 2029 йилгача узайтирди.

Ўхшаш янгиликлар

Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia