Жамолиддин Раҳматуллаев: "Довон ошиб, 4 соат йўл босишимиз ўйинга ўз таъсирини кўрсатди"

Оқил Абдубарноев
31 май 2026, 22:09
Пролига 8-тур доирасидаги "Яйпан" — "Республика ФА" (1:0) ўйинидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев матбуот анжуманида иштирок этди.

– Бугунги ўйин ҳақида фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Хўш, бугунги ўйинга келадиган бўлсак, афсуски, менинг назаримда, бугунги ҳолатимиз, айниқса, жисмоний ҳолатимиз бутун мавсум давомида ўйнаган ўйинларимиздаги энг ёмони бўлди. Бунга сабаблар жуда ҳам кўп. Биттасини айтишим мумкин – довон ошиб, тўрт соат йўл юриб келдик. Бунинг таъсири барибир сезилди. Афсуски, майдонда, ўйиннинг дастлабки дақиқалариданоқ бу кўриниб турди. Лекин тактик хатолар ҳам вазиятларда улгурмаганимиздан келиб чиқди. Қисқа қилиб айтганда, кўпроқ жисмоний ҳолат борасида бугун рақибга ютқаздик. Умуман олганда, йигитларга раҳмат айтаман. Шундай бўлса ҳам, шунча йўл босиб келиб, майдонга чиқиб, максимал даражада ҳаракат қилишди. Афсуски, яна ўша кичик ҳисобда, яна ўша битта-иккита хатонинг эвазига мағлубиятга учрадик.

– Бугунги ўйин қандайдир дуранг учун майдонга тушгандек таассурот уйғотди. Ўзингиз ҳам дарвозабоннинг ҳаракатлари орқали шуни кўрсатдингиз. Иккинчи саволим – Асилбек Алиев нимага ўз даражасида ўйнамаяпти? Ундан кутилган ўйинни кўролмаяпмиз, йўқолиб қолгандек...

– Биринчи саволингизга келадиган бўлсак, биз ҳеч қачон дуранг учун ўйнамаймиз. Чунки умуман олганда, бизнинг мақсадимиз фақатгина натижа – чемпион бўлиш, Пролига ёки Суперлигага чиқиш эмас. Биз, биринчи навбатда, футболчиларнинг ривожланишига, улар ўз ёш тоифасидаги терма жамоаларгача етиб боришига ҳаракат қиламиз. Агарда бизнинг мақсадларимиз шундай бўлса, майдонга ҳар қанақа рақибга қарши максимал ўйнаш ва ғалаба учун чиқамиз.

Лекин, айтиб ўтганимдек, бугун болаларнинг ҳолати панд берди. Биз ўзимизни алдай олмаймиз-да, барибир жисмоний ҳолатимиз, йўл чарчоғи йигитларнинг ўзида ҳам сезилиб турди. Ҳар бир ўйинчи ўз организмини яхши билади. Шу сабабли, мен майдон ташқарисидан туриб уларни қанчалик олдинга бошламайин, юқори прессинг ёки бирор эпизодда агрессия билан иштирок этишни сўрамайин, барибир уларнинг бугунги жисмоний ҳолати бунга тайёр эмас эди. Шунинг учун, ўйлайманки, ҳолатдан келиб чиқиб, болалар кўпроқ пауза олишга ҳаракат қилишди.

Асилбекка келадиган бўлсак, мавсум бошида унинг психологик ҳолатидан хабаримиз бор эди. У "Андижон" Суперлига жамоасида йиғин ўтказди. Афсуски, қандайдир тушунмовчилик ёки маълум бир вазият сабаб, у сўнгги дақиқаларда таркибга кира олмай, рўйхатдан ўта олмай, яна бизнинг сафимизга қўшилди. Унда жуда ҳам катта психологик босим ва тушкунлик бор эди. Лекин биз уни руҳий томондан кўтаришга максимал даражада ҳаракат қилдик. У U-17 терма жамоасига қайтди, Осиё кубогига борди ва битта ўйин ўйнаб келди. Барибир бу нарсалар таъсир қилади, ўйин амалиёти ва тонусидан чиқиб қолган. Шу сабабли ҳозир тинимсиз меҳнат қиляпти, машғулотларда жуда ҳам қаттиқ тер тўкяпти. Бугун ҳам иккита юз фоизлик голли вазияти бўлди, лекин уларни голга айлантира олмади. Бу ҳам барибир ўша психология билан боғлиқ. Бироқ, кўп бор такрорлаганимдек, унинг салоҳияти жуда юқори. Худо хоҳласа, уни фақат U-17 эмас, ҳатто U-20 терма жамоасига ҳам номзод сифатида кўраман. Шунчаки, ўз устида ишлашда давом этиши, олдинги даражасига қайтиши учун жуда ҳам кўп меҳнат қилиши керак.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›