Гарри Кейн: "Мадридда бундан ҳам яхшироқ ўйнашимиз мумкин эди"

Aslanov Jasurbek
8 апр 2026, 13:18
Мюнхеннинг "Бавария" жамоаси ҳужумчиси Гарри Кейн ЕЧЛ 1/4 финали доирасида "Реал" устидан қозонилган ғалабадан (2:1) сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

"Биз Мадридга келиб, керакли натижага эришиш доим қийинлигини билардик. Кўп вазиятларда жуда яхши ўйнадик ва ҳатто бундан ҳам яхшироқ натижа қайд этишимиз мумкин эди. Балки сўнгги узатма ёки якуний зарбада бироз аниқлик етишмагандир, ваҳоланки бизда яхши имкониятлар бўлди. Бироқ "Реал"га ҳам тан бериш керак.

Ҳозирда биз яхши ҳолатдамиз, аммо устунлигимиз бор-йўғи битта тўпни ташкил этади, ҳамма нарса тезда ўзгариб кетиши мумкин. Диққатни жамлашимиз шарт. Шанба куни бизни Бундеслига доирасида "Санкт-Паули"га қарши муҳим сафар ўйини кутмоқда, шунинг учун ҳозир асосийси — тикланиш ва бор эътиборни ўша баҳсга қаратиш. Кейинги ҳафта эса яна шундай ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз", — деди Кейн УЕФА расмий сайтига.

Эслатиб ўтамиз, "Бавария" ва "Реал" ўртасидаги жавоб учрашуви 15 апрель куни Мюнхендаги "Арена Мюнхен" стадионида бўлиб ўтади. Дастлабки баҳсда Кейн ўз ҳисобига гол ёздириб қўйишга муваффақ бўлган эди.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: UEFA