

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Учрашув курашларга бой кечди. Ҳар икки жамоа бир-бирига босим уюштиришга уринди. Ғалаба ниҳоятда зарур эди, шу боис ҳушёрликни йўқотмасликка ва рақиб ҳимоячилари билан дарвозабонини чалғитишга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, ўйин курашларга бой кечди. 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олдик, яна иккита гол узоқдан ўтказиб юбордик. Шу орқали руҳий ҳолатимизни текшириб олдик. Ҳисоб 2:2 пайти ҳам ўзимизни йўқотиб қўймадик ва яна иккита гол уриб ғалабани илиб кетдик. Чиройли ютуқ билан жамоамиз мухлисларини табриклайман. Футболчиларимизнинг бугунги меҳнати ва охиригача курашишгани учун миннатдорчилик билдираман.
- Негадир жамоангиз гол уриб олганидан сўнг ҳимояда бўш ҳаракат қилиб, гол ўтказиб юборяпти. Бу ҳолат бир нечта турдан бери кузатиляпти. Бу борада иш олиб бориляптими? Қандай фикрдасиз?
- Бу ҳолат кўпинча футболчиларнинг индивидуал хатолари билан боғлиқ. Кўпинча гол уриб олганимиздан кейин бўшашиш юзага келяпти ва рақиблар қарши ҳужумдан фойдаланяпти. Бугун ўтказилган голларга келсак, бундай голлар доим ҳам учрамайди. Жарима тўпи белгиланган вазиятда дарвозабонимиз нима қилди ҳайронман. Ҳар икки гол узоқдан киритилди. Бу тасодифга ўхшади. 30-35 метрлардан гол қўйиб юбордик. Рақиб сафида ёш футболчиларни кўрдик, улар охиригача кураш олиб боришди. Рақиб босимсиз ҳаракат қилиб, ҳатто ҳисобни тенглаштирди.
- Нима учун кўпинча стандарт вазиятлардан гол ўтказиб юбориляпти?
- Стандарт вазият жуда кичик лаҳзада содир бўладиган ҳолат. Биз ўйинчиларга гапиряпмиз, қандай ҳимояланиш кераклигини ўргатяпмиз. Ўйинга қараб турлича ҳимояланамиз. Ишлайдиган жиҳатларимиз ҳали кўп деб ўйлайман.
- Ҳисоб тенглашгач, негадир футболчиларнинг кайфияти тушиб кетгандек бўлди. Ёки қандайдир босим борми?
- Буни босим демаган бўлардим, раҳбарият томонидан юқори талаб қўйилгани билан изоҳласа бўлади. Юқори талаб қўйилгани учун доим ютишни хоҳлаймиз ва футболчилар ютқазишдан қўрқиб қолишади. Лекин биз мураббийлар ўйинчиларга босим ўтказмасликка ҳаракат қиламиз. Агар босим қилсак, ўйиндан олдин улар руҳан чўкиб қолади. Баъзи ўйинларда футболчилар жамоадан кўра ўзларини ўйлаб қолишяпти. Буни жуда яхши сезиб турибмиз. Бундай ўйинчилар билан ҳам иш олиб борамиз.
- Кейинги турдаги рақибларга қарши ўйин ҳақида?
- Ўз ўйинимизни кўрсатишга ва чиройли натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз. 30 ёш атрофидаги футболчига қандай ўйнаш кераклиги ҳақида кўп гапириш шарт эмас. Уларда тажриба етарли, биз фақат керакли тактик кўрсатмаларни берамиз. Ёшлар билан эса доим ишлашга тўғри келяпти. Хатолар кам бўлса бизга ҳам ишлаш осон бўлади. "Олимпик Мобиуз" ва "Каттақўрғон"га қарши бизни оғир баҳслар кутмоқда.



