Фабио Каннаваро: "Эрон фақатгина стандартлардан кейин хавф туғдира олди"

24 сен 2026, 22:55
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Эронга қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

- Албатта ўйин осон бўлмади, чунки бу ўйинга тайёргарлик кўриш учун бизда бор-йўғи уч кун бор эди. Лекин мен футболчилар билан гаплашиб, уларга янги тизимни, қандай ўйнашимизни ва дастлабки 20 дақиқани яхши бошлаш қанчалик муҳимлигини тушунтирдим. Олдинлари бундай вазиятларда кўп қийналганмиз. Мен уларга рақиб бизга гол уришининг ягона йўли — бу стандарт вазиятлар ёки бурчак зарбаларидан фойдаланиш эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим, чунки биз уларнинг кўплаб ўйинларини кўрган эдик ва бундай вазиятларда қанчалик кучли эканликларини билардик. Фикримча йигитлар бугун жуда яхши ўйин кўрсатишди. Улар миллий терма жамоа учун қайғуришларини исботлашди ва агар биз ягона жамоа бўлиб ишласак, ҳар қандай рақибни енга олишимизга бўлган ишончимизни намойиш этишди. Бугун улар бор кучларини беришди. Ҳамма, ҳатто сўнгги 6-7 дақиқага майдонга тушганлар ҳам ўзининг максимумини кўрсатди. Жамоани табриклайман. Энди Жаҳон чемпионатини унутиб, Осиё ҳақида ўйлаши шарт».

- Сиз қисқа вақт ичида янги тизим, янги тактикани жорий қилдингиз. Осиё Кубоги олдидан жамоа ўйинида яна нималарни кучайтириш керак?

- Мен кўплаб ижобий жиҳатларни кўрдим, лекин мураббий сифатида мен ҳар доим ўйинимизни қаерда кучайтиришимиз мумкинлигини топишга ҳаракат қиламан. Бугун Эрон бизнинг заиф ҳудудларимизга босим ўтказмаган бўлиши мумкин, аммо келажакда бошқа жамоа бизга кўпроқ муаммо туғдириши ҳеч гап эмас. Биринчи бўлимда жамоамдан позицияларни яхшироқ ушлашни сўрадим, чунки қанот ҳимоячиларимиз марказга жуда яқин ўйнашди. 4-3-3 схемасида ўйнаганингизда эса майдоннинг бутун кенглигидан фойдаланишингиз керак бўлади. Аммо иккинчи бўлимда бошқа футболчилар майдонга тушганида, улар худди шу ишни бажаришди. Мен бу тизим бўйича ўйнай олишимизга ишонаман. Улар майдон марказини кўпроқ назорат қила оладилар. Албатта, бизга кўпроқ вақт керак. Жисмоний ҳолатимизни, тактикамизни ва ўйинни тушунишимизни кучайтиришга ҳаракат қилиш учун бизда яна икки ой вақт бор.

- Ғалаба билан табриклайман. Ўйиндан олдин дарвозабон Абдувоҳид Неъматов жароҳат сабабли ўйинда иштирок эта олмаслиги маълум бўлди. Бу сизнинг режаларингизни қанчалик ўзгартириб юборди?

- Мен бу ердаги барча футболчиларимга ишонаман ва уларнинг исталган бири асосий таркибда майдонга туша олади. У кеча кичик жароҳат олганди, аммо биз учун майдонга янги одамларни тушириш умуман муаммо эмас. Терма жамоада бўлиб турганлар мавсумнинг сўнгги ўйинларида жуда яхши ҳаракат қилишди ва ўйнашга ҳақлилар. Бизда бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.

- Биз аввал ҳеч қачон Эронга 3та гол урмагандик, Сизни ва жамоани табриклайман. 2025 йил январида Катанец жамоани тарк этгач, ниҳоят иккита марказий ҳимоячи билан ўйнашга ўтдик. Ўйин бошида Ҳусанов марказ бўйлаб юқори прессинг қилган вазият бўлди, Ўрозовда эса бироз хатолар кузатилди. Агар рақиб даражаси юқорироқ бўлса ва улар ҳимоячилар ортига қочишлардан фойдаланса, бундай тактика билан иккита ҳимоячида ўйнашдан қўрқмайсизми?

- Йўқ, чунки замонавий футбол айнан шундай тузилган. Агар Сиз олдинга чиқиб, рақибни ортингизда қолдириб чизиқни бузишдан қўрқсангиз, у ҳолда янада кўпроқ қийналасиз. Шунинг учун биз уларга прессинг қилишга қарор қилдик, ҳимоячиларга олдинга чиқишни ва қўрқмасликни айтдик. Албатта, барчаси жамоанинг ҳужумда қандай ишлашига боғлиқ. Агар бизнинг ярим ҳимоячилар ва ҳужумчилар тўғри прессинг қилса, биз муаммосиз майдоннинг ўша қисмигача кўтарила оламиз. Биринчи бўлимда биз яхши прессинг қилдик ва уларга муаммолар яратдик. Жаҳон чемпионатини унутишимиз керак. Бу турнирда биз ҳар қандай рақибга дуч келишимиз мумкин ва бунга тайёр бўлишимиз шарт».

- Бугун терма жамоа тактикасида кўп ўзгаришлар бўлди. Азиз Ғаниев узоқ вақт ўйнамаган позицияда — марказда, хоҳлаган жойига ҳаракат қилиб эркин ўйнади. У сизнинг кўрсатмаларингизни бажара олмадими ёки сиз унга майдонда шунчалик эркинлик бердингизми?

- Йўқ, йўқ, ҳеч қандай эркин ўйин йўқ. Биз эркин футбол ўйнамаймиз, биз ўз тизимимизга ишонамиз. 4-3-3 схемасида ўйнаш учун жуда динамик бўлиш керак. Қачон чизиқда қолишни, қачон қанотга ўтишни ва қачон ҳимоячилар ортига югуришни тушунишингиз шарт. Ҳакимов билан ҳам, Азиз билан ҳам бизда муаммо йўқ — уларнинг иккаласи ҳам ярим ҳимоячи ва иккинчи бўлимда Азиз ҳам худди шу ишни бажарди. Бизда эркин ролдаги футболчилар йўқ. Албатта, сизда Ўрунов каби футболчилар бўлса, уларда бу тизимда қанотларда ўйнаш бўйича етарлича тажриба бўлмаслиги мумкин, аммо биз бундан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Келажакда балки яна 4 та ҳимоячи билан ўйнармиз. Мен учун 4-3-3 схемаси муаммо эмас, барчаси рақибга боғлиқ. Бугун биз шундай қарор қилдик ва рақиб ўйиндан бизга хавф туғдира олмади, хавф фақат стандартлардан кейин бўлди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›