

"Нефтчи" бизни илиқ кутиб олди ва ўз майдонини тақдим этди. Бунинг учун катта раҳмат. Биз Ироқ чемпионатини яхши бошлай олмадик. Ушбу мусобақада натижаларимизни яхшилаб олмоқчимиз. Ўйлаймизки, эртага мухлисларимизни хурсанд қила оламиз", - дея гап бошлади "Эйр Форс" устози Фетхи Жебел.
"Чемпионатда ишларимиз юришмади. Элит ОЧЛ эса бошқа мусобақа. Янги мусобақани яхши бошлашимиз керак. Эртанги учрашув биз учун бурилиш нутқаси бўлади деган умиддаман", - дея фикр билдирди жамоа дарвозабони Моҳаммед Салих.
- "Нефтчи"нинг қайси футболчиси эртага жамоангизга энг кўп бош оғриқ тўғдириши мумкин деб ўйлайсиз? Эртага қайси жамоа кўпроқ фаворит деб ўйлайсиз?
- Рақибни кузатдик. Барча жамоалар бўлажак рақибини ўрганиб чиқади ва нормал ҳолат. "Нефтчи" футболчиларини персонал тарзда таҳлил қилдик. Элит ОЧЛда барча рақибларининг даражаси бирдек юқори. Эртага уч очкони қўлга киритиш биз учун жуда ҳам муҳим.
- "Эйр Форс" клуби Ироқ чемпионати доирасидаги "Ал Завраа"га қарши учрашувни кўчириш бўйича Ироқ футбол ассоциациясига сўров юборган экан, аммо сўров рад этилган. Шу туфайли, жамоангиз делегациясига Ўзбекистонга бўлинган ҳолда етиб келган. Ушбу муаммо эртанги учрашувга тайёргарлик кўришга қанчалик ноқулайлик туғдирди?
- Бу ҳақиқат. Ассоциация бизни қўллаб қувватламади. Шунинг учун, уч гуруҳга бўлиниб Ўзбекистонга етиб келдик. Лекин ушбу жиҳат эртанги ўйинимизга умуман таъсир ўтказмайди. Майдонда бор кучимизни ишга соламиз.
- ОЧЛни "Нефтчи"га қарши баҳс билан бошлаш жамоангиз фойдасига эмасми? Сабаби, "Нефтчи" учун қуръа омадли келди десак бўлади. "Эйр Форс" билан бошлаб, кейинги учрашувни Саудиянинг "Ал Насср" жамоасига қарши ўтказади. Сизнинг жамоангиз эса фақатгина БАА ва Қатар жамоаларига қарши ўйнайди. Рақиблар бироз осонроқдек.
- "Нефтчи" ҳам қолган рақибларимиздек кучли. Кимдир кучлироқ деб айтмайман, ОЧЛда барча кучли.
- Эртанги учрашувда иштирок эта олмайдиган футболчилар борми?
- Таркибда йўқотишлар кўп. Кўплаб футболчиларимиз эртанги ўйинни ўтказиб юборади. Лекин бу бизга баҳона бўла олмайди. Эртага бор кучимизни ишга соламиз. Ўйлайманки, эртанги учрашувни ўтказиб юборадиган футболчиларни ўрнини тўлдира оладиган йигитлар бор.
- "Нефтчи" фақатгина Элит ОЧЛ учун бразилиялик ҳимоячи ва ҳужумкор ярим ҳимоячини рўйхатдан ўтказди. Шунингдек, "Нефтчи"нинг умумий қиймати "Эйр Форс"дан уч баробар қиммат.
- Бундан хабардормиз. "Нефтчи" таркибида яхши футболчилар жуда кўп. Шунингдек, менинг жамоамда ҳам маҳоратли футболчилар кўп. Бизда рақибдан қўрқув йўқ. Барчасини майдонда ҳал қиламиз.











