

"Ҳар хил вазият бўлади, келишда бироз форс-мажор ҳолатига дуч келдик. Биринчи кун тикланиш машғулотлари олиб борилди", — дейди Элдор Шомуродов.
— Форсларга қарши ўйин ҳақида...
— Эрон билан ўйин яхши ўтди, ғалабадан кейин кайфият юқори. Стадионда ажойиб муҳит яратган мухлисларга раҳмат. Ҳисоб ҳар доим турлича кўриниш олади, муҳими ғалаба. Ҳисобни фарқи йўқ.
— Янги тактикага ўтишда қийинчилик бўлмаяптими?
— 4-3-3 схемасига ўтишда муаммо йўқ. Бизда яхши даражадаги ақлли футболчилар бор. Эронни ютишнинг сири охирги йилларда кўп тўқнаш келаётганимизда. Қолаверса, бизда ҳам яхши ёш футболчилар етишиб чиқмоқда. Терма жамоамиз ўсяпти.
— Терма жамоага жалб қилинган ёш футболчилар ҳақида...
— Яхши қарши олдик, улар ҳам машғулотларда ўзини кўрсатмоқда. Мураббий уларни шунчаки чақирмаган.
— "Олтин тўп" учун қайси футболчилар муносиб?
— Тўғриси, билмадим.
— Осиё Кубогига қадар жамоани шакллантириб олиш учун вақт етарлими?
— Яхши жамоа шакллантириш учун вақт доим камлик қилади. Энг яхши тайёргарлик билан боришга ҳаракат қиламиз.
— Ҳар ўйинда гол уришингиз омадми ёки меҳнат маҳсулими?
— Омад меҳнат қилганларга кулиб боқади.



