Чемпионлик пойгаси ва Элит ОЧЛдан олдинги охирги "репетиция" : ОКМК – "Пахтакор" учрашувини кўриш учун 5 та сабаб

Iskandarov Abdulaziz
9 сен 2026, 17:00
Ўзбекистон Суперлигасининг навбатдаги тури мухлисларга яна бир марказий ва принципиал қарама-қаршиликни тақдим этмоқда.

Олмалиқда кечадиган ОКМК ва "Пахтакор" ўртасидаги тўқнашув шунчаки навбатдаги 3 очко учун кураш эмас, балки мусобақа жадвалининг юқори қисмидаги чигилларни ечадиган ва ҳар икки жамоанинг жорий мавсумдаги амбицияларига бевосита таъсир кўрсатадиган стратегик баҳсдир.

Мухлислар нима учун бу ўйинни томоша қилишлари керак? Қуйида учрашувни томоша қилиш учун 5 та асосий сабабни таҳлил қиламиз.

1. Чемпионлик пойгаси


"Нефтчи"нинг Қаршида мағлубиятга учраши ортидан "шерлар"нинг Тошкентда "Андижон" устидан қозонган муҳим ғалабаси орадаги 5 очколик фарқни 3 тагача қисқартирди. Бу турда Фарғона клуби ўз майдонида нисбатан енгилроқ рақиб — "Сурхон"ни қабул қилишини инобатга олсак, "Пахтакор"ни Олмалиқда бугун фақат ва фақат ғалаба қониқтиради.
Ҳар қандай очко йўқотилиши ва пешқадамнинг эҳтимолий ғалабаси орадаги фарқни яна ошириб юборади ва "шерлар"нинг чемпионлик пойгасидаги имкониятларини сезиларли даражада пасайтиради. Боз устига, ортдан келаётган "Навбаҳор" билан тафовут атиги 5 очкони ташкил этмоқда. Бугунги мағлубият ҳам "Нефтчи"га, ҳам Наманган клубига берилган ўзига хос совға бўлади.

2. Элит ОЧЛ олдидан сўнгги "репетиция"

"Пахтакор"ни 14 сентябрь куни Жиддада Осиёнинг амалдаги чемпиони, таркиби дунё футболи юлдузларига тўла "Ал-Аҳли"га қарши Элит ОЧЛдаги юриши кутмоқда. ОКМК билан баҳс Камолиддин Тожиев учун мазкур ўта масъулиятли тўқнашув олдидан жамоанинг тактик ва жисмоний ҳолатини синовдан ўтказиб оладиган охирги тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.


Турнир стартидаги натижалар
2020
"Ал-Аҳли" (БАА) 2:1 (Ғалаба)
2021
"Трактор" (Эрон) 3:3
2022
"Сепахон" (Эрон) 1:3
2023
"Ал-Аин" (БАА) 0:3
2023/24
"Ал-Васл" (БАА) 0:1

Таъкидлаш жоизки, "Пахтакор" охирги маротаба ОЧЛни 2020 йилги мавсумда ғалаба билан бошлаган. Кейинги йиллардаги омадсиз стартлар сериясига чек қўйиш учун Тожиев шогирдларига Олмалиқдаги баҳсда ижобий руҳият ва юқори спорт формаси сув ва ҳаводек зарур.

photo_2026-09-09_16-50-29.jpg



3. Меҳмондаги мағлубиятсиз серия

"Пахтакор" жорий мавсумда сафарда мағлуб бўлмаган ягона жамоа мақомини сақлаб турибди. Тошкентликлар сафардаги 9 та ўйинда 21 очко жамғариб (6 ғалаба, 3 дуранг, тўплар нисбати 13:6), бу кўрсаткич бўйича лигада яққол етакчи бўлиб турибди. "Шерлар" ўтган йилнинг май ойида Термизда мағлуб бўлганидан бери меҳмонда бой берилган ўйинларсиз одимламоқда.

Аммо "Пахтакор" охирги икки мавсумда Олмалиқда ОКМКни юта олмаган. Клуб охирги марта 2023 йили "кончилар"ни ўз майдонида таслим этган эди.

photo_2026-09-09_16-53-17.jpg



4. Миржалол Қосимов жамоаси ва турнир жадвалидаги вазият

ОКМК учун ҳам турнир жадвалидаги вазият анча хавфли. Мусобақа жадвалида 32 очко билан турганда, очко йўқотилиши ва "Локомотив"нинг эҳтимолий муваффақияти олмалиқликларни пастга суриб юборади. Тўғри, ғалаба "кончилар"ни вақтинча бўлса-да 4-ўринга олиб чиқади, аммо бунинг учун улар "Бухоро"нинг баҳсини ҳам кутишлари керак.

5. Принципиал қарама-қаршилик


ОКМК учун "Пахтакор"га қарши ўйинлар ҳамиша алоҳида масъулият ва принципиал аҳамият касб этган. Тарихга назар ташласак, олмалиқликлар илгари "шерлар" тўсиғидан ўта олишмас эди. Аммо сўнгги мавсумларда Миржалол Қосимов тошкентликларни мағлуб этишнинг аниқ калитини топа билди.

Статистика: Жамланма рақамларга эътибор қаратсак, ОКМК "Пахтакор"га қарши кечган охирги 6 та ўйиннинг 4 тасида ғалаба қозонишга эришган. Бу кўрсаткич мезбонларнинг бугунги ўйин олдидан психологик устунликка эга эканини кўрсатади.

photo_2026-09-09_16-54-30.jpg


Қолаверса, ОКМКни ушбу баҳсдан сўнг Суперлигада иштаҳаси карнай бўлиб турган "Сўғдиёна" ва чемпионлик пойгасидаги "Навбаҳор"га қарши ўта оғир беллашувлар кутмоқда. Демак, Қосимов шогирдлари ўз майдонидаги имкониятни қўлдан бой бермаслик учун бор кучини ишга солади.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›