

Мадрид жамоаси ушбу лига мадҳиясини эшитиши биланоқ ўзининг про версиясига ўтиб олади. Даҳшатлиси шуки, бу ишни жамоа қарийб ўн тўрт йилдан бери турли хил мураббийлар қўл остида амалга ошириб келяпти. Бошқа жамоалар, айтайлик, "Арсенал" ва "Бавария" тўқнаш келса, жамоаларнинг шу ўйингача бўлган тақвими, ўйинлар оралиғидаги дам олиш кунлари, шу ўйингача бўлган натижалар, таркибнинг қай даражада оптималлиги барча-барчаси ҳисобга олинади ва тахмин билдирилади. Лекин учрашув "Реал" иштирокида бўлса, тарозининг бир палласи автоматик тарзда оғирлаша бошлайди, ҳатто бўлажак ўйинга мадридликлар жуда ёмон ҳолатда етиб келишса ҳам.

Футболда натижанинг саксон фоизи руҳий ҳолатга боғлиқ эканлигини мадридликлар бизга исботлаб берди. Ла Лигада "Бетис"га ютқазиб, ярим ҳимоячиларининг деярли барчасидан айрилиб бу ўйингга расво ҳолатда етиб келган "Реал Мадрид" биринчи таймнинг ўзида сўнгги бора 9 март санасида ютқазган "Интер" дарвозасига иккита тўпни жойлаб қўйди. Уч кун олдин "Наполи"га қарши камбек қилган "Интер"дан асар ҳам йўқ.

Исталган мураббий бу турнирда "Реал"ни ютмоқчи бўлса, тактик тайёргарлик билан бирга ментал тайёргарликни ҳам юқори даражада амалга ошириши керак. Бундан беш йил муқаддам турнир финалида "Ливерпуль" "Реал Мадрид"га қарши майдонга тушган. Салоҳ ва Мане тандеми "Реал" дарвозаси олдида босим уюштириб кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтиришган. Ўйиннинг йигирманчи дақиқаларида "Ливерпул" бурчак зарбаси ишлаб олади ва бизга такрорий лавҳада хавфли вазият намойиш этилади. Мени энг кўп ҳайрон қолдирган нарса "Ливерпуль" футболчисининг зарбаси эмас, эпизод тўлиқ якунланмай туриб бир-бирига қараб кулаётган Бензема ва Модричнинг хотиржамлиги эди. "Оғайни, сен ЧЛ финалида ўйнаяпсан!", деган фикр ўтган эди ўшанда.

"Реал"нинг хотиржамлиги ва ишончидан ҳам, улар майдонда ҳаракат қилаётган пайт рақибларнинг ўйини ўз-ўзидан "бузилиб" қолиши янада ҳайратланарли. Худди асрлар илгари "Мўғулларни енгиб бўлмайди", деб жангсиз таслим бўлган қўшин синггари шашти тушиб кетган рақиб жамоалар ўта оддий хатоларни йўл қўйиб турнир шоҳсупасига "Реал"ни ўз қўллари билан олиб чиқиб қўйишади. Мадрид жамоаси бу кайфиятни, бу қарашни қанча пайт сақлаб тура олади билмадим, лекин аниғи шуки, қанча пайт сақлаб турса, шунча вақт ушбу мусобақанинг энг катта фаворити бўлиб қолаверади.
Авазбек Мирсаитов



