Улуғбек Бакаев: "Дориевга ҳар сафар жуда қийин, чунки..."

Абдулвосит Бектемиров
17 окт 2026, 01:48
Суперлига 24-туридан ўрин олган "Бунёдкор" - "Сўғдиёна" (1:1) учрашувидан сўнг жизаххликлар устози Улуғбек Бақоев иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

"Иккита турли хил бўлим ўйнадик. Биринчи бўлим фаол, агрессив ўтди, вазиятлар яратдик, гол урдик. Иккинчи бўлимни эса кўпроқ "Бунёдкор" назорат қилди ва вазиятлар яратди. Юз фоизлик вазиятлар бўлмади-ю, лекин ярим вазиятлар бўлди: зарбалар ҳам, назорат ҳам. Бу футбол, шунинг учун 1:1 ўйнадик, албатта, бу яхши эмас. Жамоа шундай ҳолатга тушиб қолди: ёки биз кетма-кет 3-4 та ўйинда ғалаба қозонамиз, ёки 3-4 та ўйинда юта олмаймиз. Шунинг учун йигитларга фидойиликлари учун раҳмат. Кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз, кейинги ўйинимиз кубок доирасида. Тикланиб, тайёргарлик кўриб, майдонга тушишимиз керак", - дея гап бошлади Улуғбек Бакаев.

- Агар биринчи бўлимда устунлик, ўйин назорати бўлган бўлса ва ўз голингизни урган бўлсангиз, иккинчи бўлим бутунлай бошқа сценарий остида ўтди. Бу мураббийнинг кўрсатмасимиди, чунки сиз бошқа схемага ўтдингиз (5-4-1, яъни аввал 5-3-2 кейин 5-4-1)? Бошкович бошқарувидаги "Бунёдкор" бироз ўзгарган. Олдин "Бунёдкор" кўп вазият яратарди, лекин амалга оширишда оқсарди. Ҳозир уларда иккита вазият — иккита гол, битта вазият — битта гол, бугун эса бир яримта вазиятдан битта гол. Бу қандай юз берди?

- Йўқ, схемани ўзгартирмадик. Шунчаки ўйинчиларнинг ўзлари ўйин давомида тепага кўтарилиши керак бўлган вазиятларда орқага қайтишни бошладилар. Майдон четидан бақириб тушунтириш қийин, кимдир эшитади, кимдир узоқда. Схемани аввалгидек қолдирдик, лекин нима бўлса шундай бўлди. "Бунёдкор" фаоллашганда, ҳисобни ушлаб қолиш учун ўзгаришлар қилдик. Бизда фақат битта имконият қолгани учун 83-84-дақиқаларда иккита ўзгариш қилдик. Ҳеч кимга эътирозим йўқ, йигитларга фидойиликлари ва ўйин тартиби учун фақат миннатдорчилик билдираман. Бизга жисмоний куч етишмади, охирида чарчаб қолдик.

- Люпче Дориев — катта фигура. Бугун эса унга қарши 16-17 ёшли йигитлар, ҳимоя марказида иккита ёш бола ўйнади. Люпче майдонга тушиб, уларни алдаб ўтиб, вазиятлар яратади ва қарши ҳужумларда ушлаб туради деган кўрсатма бўлмадими?

- Қачонки инсон, бу вазиятда Дориев, ҳужумда жуда фаол ва агрессив ўйнаса, икки-уч кишини алдаб ўтишдан қўрқмаса, рақиб доимо унинг кучли ва заиф томонларини ўрганади. Бу ҳақиқат. Шунинг учун Дориевга ҳар сафар жуда қийин: у тўпни қабул қилиб олганда, унга қарши дарҳол икки-уч киши ҳимояга келади ва яна суғурталайди. Бир томондан, бу яхши — уни кучли ўйинчи сифатида ҳурмат қилишади ва ундан ҳайиқишади. Лекин ўзига қийин. Агар унга ёрдам берадиган яна кимдир шундай агрессивроқ ўйнаганда, анча осон бўларди.

- "Сўғдиёна"га яна битта Люпче Дориев етишмаяптими?

- Билмадим, негадир ёшлар агрессив ўйнашдан қўрқишади. Ҳаммаси эмас, лекин кўпчилиги рақибни алдаб ўтишга ҳаракат қилмайди, кўпроқ тўп назорати орқали ўйнашга ҳаракат қилишади. Аммо шундай вазиятлар бўладики, қачонки агрессив тарзда алдаб ўтиш керак бўлади, бугунги замонавий футболда индивидуал ҳаракатлар жуда яхши самара беради.

- "Бунёдкор"нинг ёшлари яхши маънода сурбет, шижоатли, рақибни алдаб ўтишга интилади, тўпни йўқотса ҳам, қўрқмайди. "Сўғдиёна"да эса бундай эмасми?

- Уларда ўйинчиларни тайёрлайдиган академия бор. У ерда ҳар бир позицияга Суперлига даражасига мос келадиган 5-10 нафардан ўйинчи бор. "Сўғдиёна" ҳам 2-3 йил олдин академия ташкил қилди. 5-6 йил ўтиб, "Сўғдиёна" ҳам шундай мевалар беради, маҳаллий йигитлар кетади ва уларнинг ўрнига бошқа ёшлар келади. Бу нормал ҳолат.

- Пайшанба куни "Андижон"га қарши ўйин. Нимани кутишимиз мумкин?

- Яхши ўйинни. Яхши ва агрессив ўйинни.

бакааев.JPG

Ўхшаш янгиликлар


Абдулвосит БектемировМуаллиф

Сўнгги янгиликлар

Барча ›