Бекзод Маматқулов: “Мақсадимиз — Осиёда биринчи бўлиш”

admin
9 ноя 2026, 18:42
Бугун Ўзбекистон футзал федерацияси анжуманлар залида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи Баҳодир Аҳмедовни кенг жамоатчиликка таништириш маросими ҳамда матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов иштирок этди.

6.jpg

“Баҳодир Йўлдошбоевичга ортиқча таъриф беришнинг ҳожати йўқ. У футболчи сифатида кўп карра мамлакат чемпиони ва совриндори, Ўзбекистон кубоги соҳиби, Осиё кубоги вице-чемпиони ҳамда бронза медали совриндори бўлган. Мураббий сифатида эса миллий терма жамоамизни қитъа миқёсидаги мусобақаларда икки марта шоҳсупага олиб борган, Жаҳон чемпионатида жамоамизни тарихда илк бор плей-офф босқичига олиб чиққан мутахассисдир.

Қолаверса, у миллий терма жамоада фаолият юритган барча хорижлик мутахассислар билан ёнма-ён, елкама-елка ишлаб, катта тажриба тўплаган. Шундай экан, Баҳодир Аҳмедов билан олдимизга иккиланмасдан улкан мақсад ва вазифаларни қўймоқдамиз. Яқин истиқболдаги мақсадимиз Осиё Кубогини қўлга киритиш, жаҳон чемпионатига йўлланма олишдир.

Ўзбекистон футзал федерацияси ўзининг стратегик йўлини белгилаб олган ва ўз мақсади йўлида доимо олдинга интилади, юксак марралар сари ҳаракатни давом эттиради”, – деди Бекзод Маматқулов.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ЎФФ раҳбари ҳамда миллий терма жамоа Бош мураббийига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, уларга атрофлича жавоб олишди.

7.jpg

Журналистлар нафақат миллий терма жамоанинг келгуси режалари, балки мамлакат миллий чемпионатини ривожлантириш, футзали тараққий этган хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, жаҳоннинг етакчи терма жамоалари билан истиқболли ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш, терма жамоага иқтидорли ёшларни тайёрлаш ҳамда мамлакат футзалининг истиқболи ва яқин келажакдаги устувор вазифалар юзасидан ҳам батафсил маълумотларга эга бўлишди.

Ўхшаш янгиликлар


adminМуаллиф
Манба: ЎФФ матбуот хизмати

Сўнгги янгиликлар

Барча ›