Бекхэм "Атлетико" "Арсенал"га қарши ўйинда пенальтига лойиқ эди деб ҳисоблайди: "Калафьори фол ишлатди!"

Aslanov Jasurbek
6 май 2026, 14:58
МЮ собиқ ярим ҳимоячиси Дэвид Бекхэм "Арсенал" ва "Атлетико" ўртасидаги ўйиндаги баҳсли вазиятга баҳо берди.

Мадрид клуби Чемпионлар Лигаси ярим финалининг жавоб учрашувида сафарда лондонликларга имкониятни бой берди (0:1, илк ўйин – 1:1). Ўйиннинг 56-дақиқасида меҳмонлар ҳужумчиси Антуан Гризманн жарима майдончаси ичидан зарба берди – Давид Райя тўпни қайтарди. Марк Пубиль қайтган тўпга етиб келишга уринди ва ҳимоячи Габриэл Магальяйнс билан тўқнашиб кетди. Шундан сўнг Гризманн тўпни қайта эгаллашга ҳаракат қилди, бироқ Риккардо Калафьори унинг оёғини босиб олди. Учрашув бош ҳаками Даниэль Зиберт бу вазиятда Пубиль томонидан ҳужумда фол ишлатилган деб топди.

Ўзининг "Beckham & Friends" кўрсатувида Дэвид Габриэлга нисбатан фол бўлмаганини, демак, "Атлетико" пенальти тепиши кераклигини таъкидлади.

"Оҳ, Худойим. Йўқ, бу фол эмас. Бу фол эмас.

Мана бу [Калафьорининг ҳаракати] – фол! Ҳа! Габриэлга нисбатан қоида бузилмаганди", – деди Бекхэм.

Кўрсатувга меҳмон сифатида таклиф этилган актёр Том Хиддлстон Гризманнга нисбатан ишлатилган фол биринчи ўйинда Эберечи Эзега нисбатан ишлатилган ва қайд этилмаган фол билан "бир хил ҳаракат" эканини айтди.

Бунга жавобан Бекхэм шундай деди: "Хўш, менимча у ерда пенальти йўқ эди. Унга тегди деб ўйламайман".


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: The Sun