Айман Ҳусайн: “Ўзбекистондаги машғулот майдони ҳам Ироқдаги стадиондан анча яхши”

27 окт 2026, 09:25
“Пахтакор” клубининг ироқлик ҳужумчиси Айман Ҳусайн Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнири 3-туридан ўрин олган “Ал-Қува ал-Жавия”га қарши учрашувдан (0:1) сўнг Бағдоддаги “Ал-Мадина” халқаро стадиони майдони ҳолатини танқид қилди.

30 ёшли футболчи Тошкент клубига ўтганидан буён илк бор Ироқда майдонга тушди. У учрашувдан кейин маҳаллий ОАВга берган интервьюсида стадион майсасининг ҳолати сабабли ўзини ноқулай ҳис қилганини билдирди.

“Очиғи, “Ал-Мадина” халқаро стадионининг ҳолатидан жуда уялдим. Кеча машғулот пайтида “Пахтакор” футболчилари майдон ҳолатини қаттиқ танқид қилишди. Стадион янги бўлишига қарамай, майсанинг бундай аҳволда эканидан афсусланишди.

Жамоадошларим мендан Ироқ терма жамоаси ҳам шу стадионда ўйнайдими ва нега майдон бундай ёмон аҳволда, деб сўрашди. Мен уларга бундай эмаслигини, майдон ҳолати ҳафтасига тўртта ўйин ўтказилиши сабабли ёмонлашганини тушунтирдим.

Ўзбекистондаги машғулот майдони ҳам “Ал-Мадина” халқаро стадионидан анча яхши. “Пахтакор” футболчиларига Ироқ терма жамоаси Басра халқаро стадионида ўйнашини, у ердаги майса идеал ҳолатда эканини айтдим. Ушбу учрашув ҳам ўша стадионда ўтказилишини истагандим”, — деди Ҳусайн.

Шунингдек, ҳужумчи собиқ жамоаси “Ал-Қува ал-Жавия” мухлислари унинг номини олқишлаб чақирганига ҳам муносабат билдирди.

“Албатта, “Ал-Қува ал-Жавия” мухлисларини жуда ҳурмат қиламан. Бу жамоада ажойиб дамларни ўтказганман. Аммо ҳозир мен профессионал футболчиман ва “Пахтакор” шарафини ҳимоя қиляпман. Бугун Тошкент клуби сафидаги энг яхши ўйинларимдан бирини ўтказдим”, — деди футболчи.

Маълумот учун, Айман Ҳусайн “Пахтакор” сафида Ўзбекистон чемпионатининг 10 та учрашувида майдонга тушиб, 1 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширди. Шунингдек, у Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнирида 3 та ўйинда иштирок этди, бироқ ҳозирча гол ура олмади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›