

Ўйиндан кейин "Жайхун" бош мураббийи Айбек Нурбаев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бу йил Пролигадаги ўйинлар биз учун қийин кечяпти. Охирги беш турдан бери гол ура олмагандик, бугун 3:0 ҳисобида зафар қучишга муваффақ бўлдик. Шундай бўляптики, ҳар доим ҳам ўзимизга бўлган ишонч кўринмаяпти. Ҳар ўйиндан кейин футболчилар билан гаплашяпмиз. Учрашувлар ораси қисқа бўляпти, шунга қарамай яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Бугун ютмасак бўлмасди, чунки анча орқада қолиб кетяпмиз. "Пахтакор фарм"ни яхшилаб ўрганиб чиққанимиз ва ўз хато-камчиликларимиз устида иш олиб борганимиз фойда берди. Ғалаба учун барча футболчиларга раҳмат айтаман.
- Ўтган учрашув билан солиштирганда таркибда ўзгаришларни кўрдик. Бугунги ғалаба ротация сабаб қўлга киритилдими ёки рақиб таркибида ёшлар тўп тепгани учунми?
- Тўғри савол бердингиз. Айтиб ўтганимдек, ўйинлар ораси қисқа. Нукусдан Тошкентга бир суткада етиб келдик. Ротация қилмасак бўлмаяпти, бундай вазиятда фақат бир таркибга суяниб қолиш тўғри эмас деб ўйлайман. Битта таркиб билан кўпга бормаймиз. Пролигада 14та жамоа кураш олиб боряпти ва ҳамма билан ўйнаб чиқамиз. Ундан кейин Кубок мусобақаси бор. 5 май куни яна ўйинимиз бор. Эртага йўлга чиқсак, индинга етиб борамиз, кейин бир кун машғулот ўтказиб яна майдонга тушамиз. Шу боис ротацияга мажбурмиз. Менинг мақсадим барча футболчиларга имкон бериш ва яхши ўйинчиларни кучли клубларга етказиб бериш.
- Шундай бўлдики, мавсум аввалидаги баъзи ўйинларда жамоани ўзингиз бошқара олмадингиз. Бу эса натижаларга таъсир қилди.
- Бизни кузатиб келаётганингиз учун раҳмат. Отам вафот этгани сабабли битта ўйинда иштирок эта олмадим. Ундан олдин ҳам баъзи муаммолар бўлди, лекин жамоани ўзим майдонга олиб чиқишга ва машғулотларни ҳам ўзим ўтказишга ҳаракат қилдим. Охирги бир ой мен учун жуда мураккаб кечди. Ҳозир ҳам руҳий, ҳам жисмоний томондан қийин аҳволга тушганман. Ҳаётда отамни йўқотдим, футболда кетма-кет ўйинларни бой бердик. Лекин сабр қилиб бугун ҳам майдонга тушдик ва чиройли ғалабани қўлга киритдик.



