

"Барчага хайрли кун. Ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Эртага Иордания футболи шарафини ҳимоя қиламиз. "Пахтакор" яхши жамоа, уларни ҳурмат қиламиз. Эртанги ўйинга тайёрмиз. Бир нечта ўйинчиларимиз билан муаммо бор. Улар яқиндагина жамоа сафига келиб қўшилди. Иордания чемпионати ҳам ҳали бошлангани йўқ. Эртага Иордания футболи шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз", - дея гап бошлади жамоа бош мураббийи Аҳмад Ҳайил Иброҳим.

"Бундай ўйинлар ўта муҳим бўлади. Агар эртага ғалаба қозонсак, Элит Чемпионлар Лигасидаги биринчи иордан жамоаси бўламиз. "Пахтакор" мавсумнинг ўртасида, биз эса энди мавсумга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Лекин шунга қарамай боримизни берамиз", - деди Маҳмуд Ал Марди.

- Брайан Риаскос "Пахтакор" собиқ футболчиси. У яқиндагина "Ал Ҳуссайн" футболчисига айланди. У ҳақда қандай фикрдасиз? Эртанги ўйиндан олдин Риаскосда ўзгача иштиёқ бўлади деб ўйлайсизми?
- Биз икки ҳафта олдин у билан шартнома имзоладик. Жамоавий машғулотларда эса бир ҳафтадан буён иштирок этяпти. Унинг ўйин жиҳатлари менга маъқул келди. Шунинг Риаскосни ўз сафимизга қўшиб олдик. Риаскос жамоага кўп ёрдам беришига шубҳа қилмайман.
- ОЧЛнинг эски форматида саралаш босқич ўйинлари февраль ойида ўтказилар эди. Ўзбекистонда эса у вақти чемпионат ҳали бошланмаган бўлар эди. Энди эса ўзгартирилган формат Иордания клублари учун бироз ноқулай. "Ал Ҳуссайн" сўнгги учрашувни уч ой олдин ўтказган эди. Жамоа узоқ вақт давомида ўйин амалиётисиз қолиб кетгани эртага қанчалик панд бериши мумкин?
- Тўғри, биз сўнгги учрашувни 16-май куни ўтказган эдик. Биз йиғинни июнь ойида бошлаган эдик. Ҳозирги кунга қадар 3-4та назорат ўйинида иштирок этдик. Олти ҳафтадан буён тайёргарлик кўриб келяпмиз. Эртага ҳаммаси яхши бўлиб деб ўйлайман.

- "Ал Ҳуссайн" 10 нафарга яқин янги футболчиларни ўз сафига қўшиб олди. Янги футболчилар ҳали тўлиқ жамоага қўшилиб кета олмаганлиги эртанги учрашувда қанчалик муаммо бўлиши мумкин?
- Биз сўнгги ҳафта давомида янги футболчиларни тўлиқ йиғиб олдик. Икки-уч ҳафтадан сўнг футболчилар тўлиқ жамоага киришиб кетади деб ўйлайман. Янги футболчилар ҳам эртанги ўйинда жамоамиз ижобий натижа қайд этишига ҳисса қўшишига ишонаман.
- Ўтган мавсумда "Ал Ҳуссайн" икки маротаба "Насаф"га қарши ўйнаган эди. "Насаф"га қарши ўйинлар ва эртанги учрашув ўртасида жамоада нималар ўзгарди деб ўйлайсиз?
- "Пахтакор"нинг кучини биламиз. Эртага яхши ўйин намойиш этиб, Элит ОЧЛдаги биринчи иордан жамоаси бўламиз деган умиддаман.
- "Пахтакор"нинг қайси футболчисини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлар эдингиз?
- Башар Ресан жуда иқтидорли ўйинчи. Шунингдек, ҳужумчи Стифен Чинеду ҳам майдонда анча хавфли.




