
"Кеча ўйиндан олдинги матбуот анжуманида ўйин амалиёти йўқлиги ҳақида айтиб ўтгандим. Биз май ойидан бери расмий ўйинларда иштирок этмадик. Янги футболчилар ҳам жамоага келиб қўшилганига бир ҳафта бўлди. Ушбу омиллар бизга панд берди. Мавсумга тайёргарлик кўриш жараёнидамиз. "Пахтакор" эса мавсумнинг ярмидан ўтиб бўлди. Ўйинни кичик хатолар ҳал қилди. "Пахтакор" биз йўл қўйган хатолардан фойдаланиб кетди. Рақибни ғалаба билан табриклайман", - дея фикр билдирди Аҳмад Ҳайил Иброҳим.
- Жамоангиз учинчи голни ўтказиб юборганидан сўнг учта ўзгариш қилдингиз. Ушбу ўзгаришни иккинчи тайм бошида амалга ошириш тўғрироқ бўлмасмиди?
- Аввалроқ айтиб ўтганимдек эндигина таркибга қўшилган футболчилар бор эди. Улар 45 дақиқа майдонда ўйнашининг ўзи яхши натижа деган бўлардим. Футболда хатолар бўлиб туради.
- "Ал Ҳуссайн" бугун деярли имконият ярата олмади. Бунинг сабаби нимада? Аслида жамоангиз бундан-да яхшироқ ўйнашга қодир эди...
- Биз ҳали мавсумни бошламагандик. Июнь ойидан бери йиғинга киришганмиз. Ўйин амалиёти йўқ. "Пахтакор" эса мавсум ярмида. Буларнинг барчасини ҳисобга олиб, биз ўйинни 5-4-1 билан бошладик. Голлар ўтказиб юборганимиздан сўнг услубимизни ўзгартирдик.
- "Пахтакор"нинг ОЧЛдаги имкониятларини қандай баҳолайсиз? Иорданияда "Пахтакор" ҳақида нималарни билишади?
- "Пахтакор" таркибида яхши футболчилар кўп. ОЧЛда яхши иштирок эта олади деб ўйлайман.
