
"Ҳиссиётлар жуда ижобий. Ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Кўпроқ гол уришни истагандик, лекин гол ҳам ўтказиб юбормадик. Етарлича вазиятлар яратдик. Бугун майдонда бутун жамоа ўзини яхши намойиш этди. Мухлисларга ҳам раҳмат", - деди Эмилиано Карас бугунги баҳс ҳақида.
- "Пахтакор" нега чемпионат баҳсларида ҳам мана шундай ёрқин ўйин намойиш эта олмаяпти?
- Биз ҳам шу ҳақда ўйлаяпмиз. Йигитларнинг руҳий ҳолати устида ишлаяпмиз. Улар футболдан роҳатланиши керак. Кўплаб очколарни йўқотдик. Умид қиламанки, бугунги ғалаба футболчиларга янада кўпроқ ишонч беради. Ҳар бир футболчи максимум даражасида ўйнаши керак. Энди кейинги баҳс ҳақида ўйлашимиз керак. Суперлигадаги рақиблар "Пахтакор"га қарши 200%га ўйнашади. Мақсадимиз ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш.
Достон Ҳамдамовга савол
- Терма жамоага яна қайта чақирилишингизга қадар фаолиятингизда пасайиш кузатилаётгандек эди. Жаҳон чемпионатидан сўнг анча ёрқин ўйин намойиш этяпсиз. Намойиш этаётган ёрқин ўйингизда Фабио Каннаваронинг қанчалик меҳнати бор ёки бошқа бир сабаб борми?
- Мен бу фикрга қўшилмайман. Машғулотларда ҳар доим жамоамга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Ўйин услубим аввалги мураббийларга мос тушмагандир. Каннаваро эса мени терма жамоага чақирди. Мен ўзимни яхши намойиш этдим ва терма жамоадан чақирув олдим. Балки ўтган мавсумлар давомида ўйинимда пасайиш кузатилгандир, аммо бу якунда фойдали бўлди.

- Айман Ҳуссайн бугунги ўйинга қанчалик тайёр эди?
- У ҳали энг яхши спорт формасида эмаслигини ўзи ҳам тан олди. У 75 дақиқа давомида майдонда эди ва ўзини яхши намойиш этди. Ҳозирги кунда иккита ҳужумчимиз бор. Айман ҳар бир ўйинда яхшиланиб боради деган умиддаман. У бунга қадар индивидуал тарзда шуғулланиб келган эди. Лекин индивидуал машғулот билан ўйиндаги амалиётнинг фарқи жуда катта.
- "Пахтакор" жорий мавсумда ҳеч қайси бир рақибни йирик 3:0 ҳисобида мағлуб этмаган эди. Бу нима билан боғлиқ? Рақиб бугун шунчалик ожиз эдими?
- Рақиб ҳақида гапириш нотўғри. Ҳар бир жамоа ўзи ҳақида фикр билдириши керак. "Ал Ҳуссайн" ҳали чемпионатни бошлагани йўқ. Шунингдек, 9та янги футболчи бор. Ушбу иккита жиҳат уларнинг зарарига ишлади деб ўйлайман. Шунга қарамай, футболчиларимизнинг бугунги ажойиб ўйини таъкидлашимиз керак. Улар бугун майдонда "парвоз" қилишди.
