

– Ассалому алайкум, Аббос. Мана, биз учун жаҳон чемпионатидаги иштирокимиз якунланди. Учта ўйин... Таассуротлар қандай, нима бўлди, нима етмади деб ўйлайсиз? Қайси жойларда хатога йўл қўйдик?
– Барибир қийин бунақа мағлубиятга учраш, чунки, менимча, ўйинни яхши бошлаган эдик. Кейин нима бўлганини ўзим ҳам тушунмадим. Чунки бу биз хоҳлайдиган ва биз ўйнайдиган футбол эмас. Лекин барибир охиригача ҳаракат қилдик. Барибир хафамиз, чунки биз бу ерга шунчаки ўйнаш учун келмаганмиз-ку. Ҳар қандай футболчи майдонга тушганда шунчаки ўйнаш учун чиқмайди, ютиш учун чиқади. Аммо, тўғрисини айтаман, бугун гол урганимиздан кейинги ўйинимиз мағлубиятимизга сабабчи бўлди. Чунки бунақа ўйнашимиз керак эмас. Футбол ўйнаш керак – ютқазсак ҳам, ютсак ҳам. Футбол ўйнаб завқланиш керак. Агар ютқазсак ёки ютсак, яхши футбол ўйнаб ютиш керак.
– Шуни айтиш мумкинми, барибир мана шундай натижага қарамай, учта мағлубият бўлса ҳам, барибир орзу ушалди. Бу сиз учун қанчалик тарихий воқеа бўлди?
– Жаҳон чемпионатида ўйнаш орзуси ушалди. Лекин, менимча, бу етарли эмас. Чунки мен ўз номимдан айтадиган бўлсам, ўйинларда ғалаба қозонишни хоҳлайман. Биз буни уддалай олмадик. Ҳозир жуда чарчаганман. Умид қиламанки, кейинги жаҳон чемпионатига чиқамиз ва ўз ғалабаларимизни қўлга киритамиз.
– Сизнингча, яхшироқ ўйнаш мумкинмиди ёки бу бор имкониятмиди?
– Йўқ, бу охирги имконият эмас, бундан яхшироқ ўйнаш мумкин эди.
– Нима учун бу максимал даража эмас деб ҳисоблайсиз, бу фикрингизни нима билан асослайсиз?
– Чунки мен терма жамоамиз нималарга қодирлигини биламан. Биз яхши футбол ўйнай оламиз. Аммо бу ерда бизга нимадир етишмади.
– Тажрибами? Нима етишмади деб ўйлайсиз?
– Бир оз тажриба. Мен буни изоҳлай олмайман. Ҳозир жуда чарчаганман.
– Мана энди, табиийки, ҳозир кўриниб турибди – "футбол ўйнаш керак" деяпсиз, терма жамоанинг ўйинидан, умуман натижасидан... Хуллас, хафа бўлдингиз, асабийлашган одам психологияси бўляпти. Лекин шахсан агар ўзингизнинг ўйинингизга қарасак, гол урдингиз, бугунги ўйинда ҳам кўп прессинг қилдингиз. Умумий олганда, ўзингизнинг ўйинингиздан қанчалик кўнглингиз тўлди ёки бу ҳақда ҳозир ўйламаяпсизми, натижа ёмонлиги учун?
– Ҳозир ўзимнинг ўйиним ҳақида билмадим. Ташқаридаги одамлар баҳо беришади, лекин мен охиригача ҳаракат қилдим, боримни бердим майдонда. Қандай ўйнаганимни мураббийлар ва мухлислар баҳолашади. Мен боримни бердим.
– Биринчи ўйиндаги ўша голингиз... Ўшанда нималарни ҳис қилдингиз? Бу ҳозирги вақтда фаолиятингизнинг чўққисими?
– Йўқ, бу гол ургандаги энг ажойиб туйғу. Мен жаҳон чемпионатидаги биринчи ўйинда гол урдим, албетта, бу орзуларнинг ушалиши. Ўша лаҳзада голдан кейин нима содир бўлганини билмайман, тахминан 5 дақиқа нима бўлаётганини, қаерда турганимни ҳам тушунмадим. Лекин барибир орзу ушалди, гол урдим. Аммо барибир жамоа ютқазганда бу туйғунинг аҳамияти йўқолар экан. Ҳа, сўнади.
– ЦСКАдаги йигитлар ёзишдими? Собиқ жамоадошларингиз ёзишдими, кимлар ёзди?
– Ҳа, йигитлар ёзишди. Роша, Кисляк, Глебов, Мойзес... Яна кўпчилик ёзди.
– Нима деб ёзишди? Ҳаммани "йиртиб ташланглар" деб тилак билдиришдими?
– Табриклашди.
– Соғиндингизми?
– Албатта.



