Улуғбек Исмоилжонов: "Ўйин тизгини бизда эди, лекин гол ура олмадик"

Aslanov Jasurbek
19 окт 2026, 21:30
Пролига 23-турдан ўрин олган "ФарДУ" – "Металлург" учрашувидан сўнг "ФарДУ" жамоаси мураббийи Улуғбек Исмоилжонов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугун Пролига марказий учрашуви мақомидаги ўйин бўлди деб ўйлайман. Баҳс қизиқарли кечди, "Металлург"ни ғалаба билан табриклайман. Тўп ўтказиб юборганимиздан сўнг фақат ҳужумга ўтдик, афсуски гол ура олмадик. Гол уриш борасида муаммоларимиз кўп, машғулотларда бунинг устида ишлаймиз. Насиб қилса охиригача курашамиз, кейинги турларда рақибмиз ким бўлмасин "жанг" таклиф қиламиз. Тўхтаб қолиш йўқ.

- Жамоа тўпурари Бобур Фарҳодов дастлабки дақиқаларда марказий ҳимоячи бўлиб ҳаракат қилди. Шунга изоҳ бериб кетсангиз.
- Бобур Фарҳодов анча тажрибали футболчи, "Бунёдкор"да ҳимоячи сифатида ҳаракат қилган. Аксар футболчиларимиз универсал. Ўйин пайти ротация қилишимиз мумкин. Кўрдингиз, Бобур кейинчалик ҳужумга ўтказилди.

- Баҳс асосан "ФарДУ" устунлигида кечди. Рақибнинг битта омадли тўп узатиши голга айланиб шу билан ютиб кетди. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Саволингиз ўринли. Бизга якуний нуқтани қўядиган футболчи етишмади. Ҳужумчиларимиз - Фарҳодов, Ризаев - эътибор берган бўлсангиз анча сермаҳсул ҳаракат қилишмоқда. Дарвозага зарба бериш бўйича ўйинчиларимизнинг кўрсаткичи юқори. Сергей Лебедев иккинчи даврада жамоани қабул қилиб олди, ҳозирча тўртинчи ой кетяпти. Устозим билан камчиликлар устида ишлаяпмиз. Ўйин томонлама футболчиларга эътирозимиз йўқ.

- "ФарДУ" кейинги иккита турни "Яйпан" ва "Лочин"га қарши ўтказади.
- Қарши давлат университетининг "Лочин" жамоаси билан кечадиган баҳс биз учун ўз номи билан университетлар дербиси бўлади. Қизиқ учрашув кечади деб ўйлайман. "Яйпан" билан эса Фарғона дербисида майдонга тушамиз. Хуллас бизни иккита дерби кутяпти.

- Мухлислар ҳақида.
- Мухлисларга катта раҳмат, бизни ўйин бошидан охиригача қўллаб туришди. Ишқибозларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиши учун кейинги баҳсларни ютишга ҳаракат қиламиз. Жамоамиз номидан "ФарДУ"нинг барча мухлисларига раҳмат айтиб қоламан.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›