Шавкат Юсупов: "Кубокда узоқроққа боришни мақсад қилганмиз"

Aslanov Jasurbek
19 май 2026, 02:20
Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичидан ўрин олган "Қорақалпоғистон ФА" - "ФарДУ" (0:7) учрашувидан кейин матбуот анжумани ташкил этилди.

Бунда "ФарДУ" бош мураббийи Шавкат Юсупов иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугунги ғалаба билан мухлисларимизни, жамоамиз вакилларини ва клубимиз раҳбариятини табриклайман. Ўйин яхши бошланди ва рақиб бизга яхши қаршилик кўрсатди. Лекин иккинчи голни урганимиздан сўнг "Қорақалпоғистон ФА" ўйинчиларида кайфият тушиб кетди. Шундан сўнг ўйин тизгинини ўз қўлимизга олиб ҳужумлар сонини оширдик. Ғалабанинг катта-кичиги бўлмайди, бу ўйинда уч очко бизга жуда зарур эди.

- Биламизки, "ФарДУ" сафида икки нафар қорақалпоғистонлик футболчи ўйнаб келмоқда. Уларнинг ўйинини қандай баҳолайсиз?
- Бугунги баҳсда Бобур Фарҳодов билан Норхон Шерипов яхши ҳаракат қилишди. Иккаласи гол урди, голли вазиятлар яратди, бугун энг яхши ўйинларидан бирини ўтказишди.

- "ФарДУ" жамоаси Кубокда узоққа боришни мақсад қиляптими?

- Олдинги учрашувларда жароҳат олган футболчилар соғайиб таркибга қайтди. Бобур Фарҳодов, Асадбек Зокиржонов, Норхон Шерипов каби ўйинчиларимизда жароҳат бор эди. Улар соғайиб майдонга қайтишди ва ўйинда асосий ишни бажаришди. Мақсадимиз - Кубок мусобақасида узоқроққа бориш. Шу сабабли бугун катта ротацияга қўл урмадик. Олдинда бизни "Навбаҳор"га қарши баҳс кутмоқда. Бугунги ўйин навбатдаги учрашув олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб берди деса бўлади.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia