Ўзбекистонда 2025 йилнинг энг яхшилари аниқланди

Iskandarov Abdulaziz
30 янв 2026
Бугун миллий футбол марказида ЎФАнинг конгресси бўлиб ўтди.

Кун тартибидан Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 2025 йил давомида амалга оширган фаолияти, бажарилган ишлар таҳлили, молиявий ҳисобот ҳамда келгуси йилга мўлжалланган устувор режалар ўрин олди. Шунингдек, миллий футболни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ташкилий ва стратегик масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилди.

Бундан ташқари, Конгресс доирасида анъанавий тарзда “Йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш” маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда йил давомида энг яхши натижалар қайд этган футболчилар, мураббийлар, ҳакамлар ҳамда футбол ривожига муносиб ҳисса қўшган ташкилот ва шахслар тақдирланди.


ЯНГИЛАШ



Йилнинг"Энг яхши аёл ҳаками" — Насибабону Тошмухаммедова. Суперлиганинг 2025-йилги мавсумида илк бор бош ҳакам сифатида фаолият олиб борган ҳамда халқаро мусобақаларда ўйинларни бошқарган Насибабону Тошмухаммедова "Йилнинг энг яхши аёл ҳаками" деб топилди.

Йилнинг "Энг яхши ҳаками" — Илгиз Танташев. Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида муҳим учрашувларни бошқарган, халқаро мусобақаларда фаолият олиб борган ҳамда 2026-йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати ўйинларига номзод сифатида қайд этилган Илгиз Танташев «Йилнинг энг яхши ҳаками» сифатида эътироф этилди.

Аёллар Олий лигасининг "Энг яхши тўпурари" — Диёра Хабибуллаева ("Севинч"). Қаршининг "Севинч" жамоаси футболчиси Диёра Хабибуллаева 31 та гол билан тўпурарлар пойгасида етакчи бўлди.

Йилнинг "Энг яхши ёш футболчиси" - Садриддин Ҳасанов. "Бунёдкор" ва Ўзбекистон U-17 терма жамоаси футболчиси Садриддин Ҳасанов учун 2025 йил ютуқларга бой бўлди дея оламиз. Ҳасанов Саудия Арабистонидаги U-17 Осиё Кубогида ёрқин ўйинлар кўрсатди. Бир қатор голларга муаллифлик қилди. Қатардаги U-17 Жаҳон чемпионатида иштирок этди. 

Аёллар футболи бўйича йилнинг "Энг яхши мураббийи" — Владислав Хан ("Севинч"). Аёллар футболида катта тажрибага эга бўлган Владислав Хан "Севинч" билан ОЧЛ йўлланмани қўлга киритди, бир қатор ютуқларга эришди. 

Аёллар Олий лигасининг "Энг яхши футболчиси" — Нилуфар Қудратова. "Севинч" жамоаси футболчиси Нилуфар Қудратова мавсум давомида ўзининг ёрқин ўйинлари билан ажралиб турди. 

Аёллар футболи бўйича йилнинг "Энг яхши футболчиси" - Диёра Хабибуллаева. "Севинч" жамоаси футболчиси Диёра Хабибуллаева тўпурарлик билан бирга аёллар орасида энг яхши футболчи совринини ҳам қўлга киритди.

Йилнинг "Энг яхши мураббийи" - Тимур Кападзе. 2025 йилда Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Бир неча йил олдин бошланган йўлга "оқ бўрилар" Кападзе бошчилигида якун ясади. Тажрибали мутахассис 2022 ва 2024 йилда ҳам ушбу номинацияда ғолиб чиққан эди.

Йилнинг "Энг яхши футболчиси" - Элдор Шомуродов. "Истанбул Башакшеҳир" ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси овоз бериш натижаларига кўра, йилнинг "Энг яхши футболчиси" деб топилди. Шомуродов 2019 ва 2021 йилда ҳам мазкур совринни ўзиники қилган эди.

Болалар футболи бўйича "Йилнинг энг яхши мураббийи" —  Юсуф Эргашев. "Бунёдкор" академиясида фаолият олиб борадиган Юсуф Эргашев ўтган мавсумда академиянинг 2010 йилда туғилган футболчиларига устозлик қилди. ЎФА биринчилиги ва Тошкент шаҳар Премьер лигасида совриндорлар қаторидан жой олди.

2025 йилнинг "Энг яхши худудий ассоциацияси" — Қорақалпоғистон футбол ассоциацияси. Мазкур худуд  мазкур соврин билан 2021 йил ҳам тақдирланган эди.

Футболни ёритишдаги ҳисса қўшган бир қатор ОАВ эсдалик совғалари топширилмоқда.

- Фидойилик рамзи - Тажрибали устоз шарҳловчи Ҳусан Темиров тақдирланди.

- Футболимиз нуронийси  — Аҳрол Иноятов. "Пахтакор" сафида бир неча йиллар тўп тепган, мураббий сифатида жамоани бошқарган Аҳрол Иноятов махсус соврин билан тақдирланди.

Энди навбат 2025 йилнинг "Энг яхшиларини тақдирлаш" маросимига!

- ЎФА бош котиби Аваз Максумов конгрессни олиб бормоқда.

- 2025 йилда ўзбек футболи йўқотишларга ҳам учради. Экранда уларнинг хотираси ёд олинди. 

- Экран орқали 2025 йил футболимиздаги ютуқлар жамланган видео ролик кўрсатилмоқда.

- Тадбирни жонли эфирда томоша қилиш учун ҳавола - ВИДЕО

- Маросим тез орада бошланади!


Iskandarov AbdulazizMuallif
Manba: Championat.asia