

Бу галги мундиаль бутун Ўзбекистон учун мутлақо бўлакча аҳамиятга эга. Сабаби миллионлар орзуси ушаладиган лаҳзаларга бир ойдан камроқ вақт қолди.
17 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихидаги илк Жаҳон чемпионатидаги юришини бошлайди. Океан ортидаги яшил майдонлар бизни кутмоқда. "Оқ бўрилар"нинг дебют учрашувидаги рақиби эса Жанубий Американинг шиддатли ва ноқулай вакили — Колумбия терма жамоаси бўлади.
Вакилларимиз ўрин олган гуруҳ таркиби анча жиддий ва номдор:
Португалия: Таркибида афсонавий Криштиану Роналдуси бор, доим энг юқори мақсадларни кўзлайдиган гранд. Мусобақада ғолиб чиқишга даъвогар.
Колумбия: Луис Диас ва Хамес Родригес каби "портловчи" юлдузларга эга шиддатли жамоа.
Конго ДР: Седрик Бакамбу етакчилигидаги, жисмоний жиҳатдан бақувват ва кутилмаган совғалар тақдим эта оладиган африкаликлар.
Қоғозда рақиблар анча ваҳимали кўриниши бор гап. Аммо бу Жаҳон чемпионати! Бу ерга ҳеч ким совға сифатида йўлланма олмайди. Гарчи мусобақа биз учун дебют бўлса-да, бизнинг азаматлар майдонга Роналду билан селфи тушиш ёки рақибларнинг номидан ҳайиқиш учун чиқишмайди. Футболчиларимизнинг бош мақсади — яшил майдонда охиригача курашиш, миллионлаб ватандошлар ишончини оқлаш ва Ўзбекистон шаънини дунёга кўрсатишдир.
Футбол тарихи мана шундай кутилмаган дебютантларнинг сенсациялари билан гўзал. 1990 йилларда Европада Руминия терма жамоаси ўзига хос мазмунли ўйини билан шов-шув кўтариб, жаҳон грандларига бош оғриғи бўлган.
Жаҳон чемпионатлари тарихи фақатгина ғолиблар билан эмас, балки ўз ўйини билан миллионлар қалбини забт этган "қора отлар"нинг шиддати билан ҳам гўзал. Худди шундай унутилмас саҳифалардан бирини 1990 йили Италия яшил майдонларида Дан Петреску, Георге Попеску, Йонуц Лупеску ва шубҳасиз, "Карпат Марадонаси" номини олган афсонавий Георге Хаджи бошлиқ Руминия терма жамоаси ёзиб қолдирган эди.
Аслида Руминия футболи бегона эмасди — улар илк бор 1930 йилда ташкил этилган тарихий биринчи мундиалдаёқ қатнашишган. Бироқ, 1970 йилги Мексика ЖЧсидан сўнг жамоа инқирозга юз тутди ва кетма-кет тўртта саралаш турнирида муваффақиятсизликка учради. Нақ 20 йиллик соғинчдан сўнг, Апеннин ярим оролига ташриф буюрган Руминия футбол оламини ҳайратда қолдирди.

"Юз фоизлик маҳаллий таркиб" феномени
Ўша давр футболи учун энг қизиқарли ва такрорланмас факт: Руминия терма жамоаси Италиядаги турнирга бирорта ҳам легионерсиз, яъни 100 фоиз ички чемпионат вакилларидан иборат таркиб билан ташриф буюрган эди. Маҳаллий клублар — асосан "Стяуа" ва "Динамо Бухарест" футболчиларидан тузилган бу жамоа дунё грандларига қарши чўчимай майдонга тушди.
Айнан 1990 йилги ушбу порлаш ва кейинчалик 1994 йилги АҚШ мундиалларидаги мафтункор ўйинлар Европанинг трансфер бозорини портлатди. Румин йигитлари дунё грандларининг назарига тушишди ва қисқа фурсатда "Реал Мадрид", "Барселона", "Тоттенхэм" каби топ-клублар либосларини кийишди.

"Б" гуруҳидаги жанг: Марадона ва Иттифоққа қарши
Қуръа руминларга осон йўлни ваъда қилмаганди. Улар "Б" гуруҳидан жой олишди. Рақиблар эса ваҳимали: амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина (Диего Марадонаси билан), Валерий Лобановский бошчилигидаги Собиқ Иттифоқ (СССР) ҳамда Африка шиддатини ўзида жамлаган Камерун.
Бироқ, дебютант ўз сўзини биринчи турдаёқ айтди:
1-тур. Даҳшатли старт: Собиқ Иттифоққа қарши кечган баҳсда Мариус Лэкэтуш ҳақиқий бенефис намойиш этди. Унинг дубли Руминияга 2:0 ҳисобидаги тарихий ва сенсацион ғалабани тақдим этди.
2-тур. Африка сюрпризи: Иккинчи баҳсда руминлар турнирнинг яна бир кашфиёти — Роже Милла етакчилигидаги кучли ва жисмоний жиҳатдан бақувват Камерунга имкониятни бой беришди (1:2).
3-тур. Ирода намойиши: Ҳаммаси ҳал бўладиган сўнгги турда руминлар Диего Марадона бошлиқ амалдаги чемпион Аргентина билан тўқнаш келишди. Ҳақиқий характер кўрсатилган ўйинда қайд этилган 1:1 ҳисобидаги дуранг Руминия учун плей-офф эшикларини ланг очди.
Гарчи жамоа 1/8 финалда Ирландияга пенальтилар сериясида имкониятни бой берган бўлса-да, уларнинг кўрсатган ўйини барчага манзур келганди.
Собиқ Иттифоқ - Руминия 0:2
Голлар: Мариус Локатус 41, 55
Камерун - Руминия 2:1
Голлар: Рожер Милла 76, 86 - Гаври Балинт 88
Аргентина - Руминия 1:1
Голлар: Педро Монзон 62 - Гаври Балинт 68
Италиядаги муваффақиятли дебютдан роппа-роса тўрт йил ўтиб, Руминия терма жамоаси океан ортига фақатгина иштирок учун эмас, балки катта саҳнани забт этиш учун ташриф буюрди. 1994 йилги АҚШ мундиаллари румин футболи тарихига энг ёрқин саҳифа бўлиб ёзилди. Бу гал улар нафақат гуруҳ босқичини забт этишди, балки плей-оффда дунё футболи гигантини мусобақадан чиқариб юбориб, ҳақиқий сенсация қайд этишди.
"А" гуруҳи: Аламли мағлубият ва иродали қайтиш
Руминия турнирни мезбон АҚШ, кучли Швейцария ва ўша даврнинг энг хавфли жамоаларидан бири бўлган Колумбия билан бир гуруҳда бошлади.
Колумбия — Руминия — 1:3
Голлар: Жозе Валенсия 43 — Флорин Радучою 16, 89, Георги Хаджи 34
Илк турдаёқ руминлар Колумбияга қарши даҳшатли ўйин намойиш этишди. Радучоюнинг дубли ва Хаджининг сеҳрли голи жамоага ишончли ғалабани тақдим этди.
Руминия — Швейцария — 1:4
Голлар: Георге Хаджи 35 — Алан Шуттер 16, Стефан Шапюиза 52, Адриан Кнуп 65, 72
Иккинчи турда жамоа кутилмаган зарбага учради. Швейцарияликларнинг ҳужумкор ўйини ва Кнупнинг дубли руминларни ерга тушириб қўйди. Бу мағлубият жамоани сергаклантирди.
АҚШ — Руминия — 0:1
Гол: Дан Петреску 18
Ҳаммаси ҳал бўладиган баҳсда Руминия мезбонлар ва стадионни тўлдириб ўтирган мухлислар босимига дош берди. Дан Петрескунинг эрта голи Руминияни гуруҳ пешқадами сифатида плей-оффга олиб чиқди.
1/8 финал. Аср жанги: Аргентина устидан тарихий ғалаба
Плей-оффнинг илк босқичидаёқ тақдир Руминияни яна Аргентина билан рўбару қилди. Тўрт йил олдинги дуранг учун реванш олиш фурсати келганди. Таркибида Габриэль Батистутадек даҳшатли тўпурари бор Аргентина фаворит ҳисобланарди. Лекин бу ўйин футбол тарихидаги энг драматик учрашувлардан бирига айланди.
Руминия — Аргентина — 3:2
Голлар: Илие Думитреску 11, 18, Георге Хаджи 58 — Габриэль Батистута 16 (пен), Абель Бальбо 75.

Илие Думитрескунинг уч дақиқа ичида урган дубли ва "Карпат Марадонаси" — Георге Хаджининг 58-дақиқадаги супер голи Аргентинани карахт аҳволга солиб қўйди. Батистута ва Бальбонинг голлари ҳам лотин америкаликларни қутқариб қола олмади. Руминия амалдаги вице-чемпионни турнирдан чиқариб юбориб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди!
Чорак финал. Пенальтилар лаънати
Руминия — Швеция — 2:2 (пенальтилар серияси: 4:5)
Ярим финал остонасида Руминия ўша йилги мундиалнинг яна бир кашфиёти — Швеция билан тўқнаш келди. Триллер жанрида кечган асосий ва қўшимча вақтларда ғолиб аниқланмади (2:2). Аммо лотерея ва асаблар жанги ҳисобланмиш пенальтилар сериясида омад шведларга кулиб боқди.
ЖЧ-1998
Жамоанинг кўзга кўринган, иқтидорли етакчиларидан бири Георге Хаджи эди. Ўша авлод термаси кетма-кет уч маротаба Жаҳон Чемпионатида ажойиб иштирок этган ва жамоатчилик эътиборига сазовор бўлган. Ўша мусобақаларда руминияликлар мунтазам равишда плей-офф босқичига чиққан. ЖЧ-1990 гуруҳ босқичида Аргентина терма жамоасидан ўзиб кетишган бўлса, ЖЧ-1994да эса "оқ-ҳаворанглилар"ни хаттоки, чорак финалга ҳам чиқишига имкон қолдиришмаган эди. 4 йилдан сўнг, Хаджи бошчилигидаги жамоа, Колумбия ва Англия термалари билан бўлган дастлабки икки учрашувда ғалаба қозонган ва гуруҳ босқичининг сўнгги туридан аввал плей-оффга чиққан.
Аммо, Францияда бўлиб ўтган ЖЧ-1998да Руминия термаси нафақат ўзининг ғалабалари ва жуда чиройли ўйини билан кўпчиликнинг ёдида қолган.
Ўша пайтда Руминия терма жамоаси аъзолари, "кал" Богдан Стелядан ташқари, сочларини сариқ рангга бўяб, майдонга тушишганини мухлислар яхши эслайди.
"Агар гуруҳ босқичидан чиқолсак, унда жамоамиз билан қандайдир эсда қоларли «қилиқ» ўйлаб топамиз деб келишиб олгандик. Ана шундан кейин, ҳаммамиз сочимизни сариқ рангга бўяшга қарор қилганмиз, албатта мендан ташқари. Чунки у пайтда менинг сочларим йўқ эди", — ўша вақтдаги ширин хотираларни эслаб шундай дейди Стеля.
“Жамоада яна бир сочи йўқ вакил бор эди – бош мураббийи Ангел Йордэнеску. Аввалига у ҳам сочини олдиришга рози бўлганди. Лекин доим кепка кийиб юрган. "У бизни алдади! У ўз ваъдасида туролмади", — дейди Богдан.
Футболчиларнинг "сочни бўяш режаси" жамоа рухини кўтариш учун зарур эди, лекин амалда бунинг акси бўлиб чиқди ва натижада улар ўзларига бўлган ишончни йўкотиб қўйишди. Шундан сўнг, Руминия жамоаси Тунис термаси билан бўлган учрашувда дурранг (1:1) натижани қайд этиб, биринчи ўриндан плей-оффга чиқди. Лекин, ўшандаёқ жамоа ўйинидаги ўзгариш сезилганди.
"Аввалига бундан жуда хурсанд эдик, — дейди Стеля. — Аммо бироздан сўнг, ҳамма ахмоқона чиқиш қилганини тушуниб етди. Хаттоки, унга йигитларнинг турмуш ўртоғи ҳам норозилик билдирганди. Бу ҳақиқатдан ҳам жуда ғалати ва ахмоқона фикр бўлган экан. Буни сўз билан таърифлашнинг иложи йўқ! 1/8 финалда Хорватия терма жамоасига қарши ўйиндан олдин Йордэнеску ўйинчилар яна аввалги ҳолатига қайтишини, бу ўйин натижасига таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлаган. Аммо футболчилар бунга ортиқча вақт йўқлигини рўкач қилганлар холос".

Йордэнеску ҳақ бўлиб чиқди, хорватлар Давор Шукернинг пенальтидан урган голи эвазига зафар қучди, Руминия термаси эса ўшандан буён бирор марта Жаҳон Чемпионати финал босқичида иштирок этмади. Бунга "ёрқин сариқ рангли сочлар" айбдорми ёки аксинча… Нима бўлганда ҳам, ҳар ҳолда Руминия термасининг олтин авлодининг мундиалдаги сўнгги иштироки шундай якун топган эди.
"Г" гуруҳи
Руминия - Колумбия 1:0
Гол: Адриан Иоие
Руминия - Англия 2:1
Голлар: Дину Молдован 46, Дан Петреску 90 - Майкл Овен 81
Руминия - Тунис 1:1
Голлар: Дину Молдован 71 - Искандер Суях 12
1/16 финал
Руминия - Хорватия 0:1
Гол: Давор Шукер 45+2
Олтин давр соғинчи ва янги тарих остонасидаги Ўзбекистон
Ўша "Олтин авлод" кетгач, Карпат тоғлари бағридаги бу юрт терма жамоаси мундиаллар соғинчи билан яшамоқда. Футбол тарихи шафқатсиз — у кечаги ютуқлар билан яшамайди, у фақат бугунги курашчиларни ва янги қаҳрамонларни тан олади.
Бугун эса навбат — бизники! Тарих чархпалаги айланиб, худди ўша 1990 йилги шиддатли, ҳеч кимдан ҳайиқмайдиган, юрагида ўти бор Руминиянинг ўрнини эгаллаш фурсати Ўзбекистон миллий терма жамоасига келди.
Биз Жаҳон чемпионатига шунчаки меҳмон бўлиш ёки дунё юлдузларининг ўйинини яқиндан томоша қилиш учун бораётганимиз йўқ. Жиддий рақиблар, номдор юлдузлар — буларнинг барчаси фақат қоғозда. Яшил майдонга тушиб келадиган 11 нафар белида белбоғи бор йигитимизнинг ортида бутун бошли юртнинг, миллионлаб ватандошларнинг кўз ёшлари, дуолари ва неча йиллик ушалмаган орзулари турибди. Нафақат майдондаги рақибга, балки футбол дунёсидаги "янги номларга паст назар билан қараш" стереотипларига қарши жанг қиладиган пайт келди.
Абдулазиз Искандаров



