

Кеча мисрлик вингер мавсум якунида клубни тарк этишини эълон қилган эди.
"Муҳаммад Салоҳнинг кетиши нафақат "Ливерпуль" учун буюк давр якунланишини англатади, балки Премьер-лига яна бир жаҳон даражасидаги истеъдодни йўқотаётганидан далолат беради. Бу бутун инглиз футболи учун катта йўқотишдир.
Англияда муваффақият қозонган хорижлик ҳужумчилар орасида фақат Тьерри Анри ўз маҳсулдорлиги ва барқарорлиги билан Салоҳдан устун бўлиши мумкин. Кўпчилик Криштиану Роналду, Эден Азар, Жанфранко Дзола ёки Эрик Кантона каби футболчилар ҳақида баҳслашиши мумкин, аммо уларнинг ҳеч бири мисрлик футболчи каби узоқ вақт давомида барқарор юқори натижа кўрсата олмаган.
Роналдунинг "Манчестер Юнайтед"даги даври унинг "Реал"даги энг гуллаган вақтидан олдин ва кейинга тўғри келган. Агар фақат Премьер-лигадаги таъсири ва чиқишларига қараб баҳо берадиган бўлсак, Салоҳ ундан ўзиб кетади. АПЛ тарихидаги рамзий терма жамоада Салоҳ ҳужум чизиғида Анри ва Роналду билан бирга асосий номзод ҳисобланади.
Юрген Клопп даври ҳақида гап кетганда, Салоҳ доимо АПЛ ва Чемпионлар лигасидаги ғалабалар тимсоли бўлиб қолади. Клопп харизматик режиссёр бўлган бўлса, Салоҳ бош рол ижрочиси эди", – деб ёзади Каррагер ўз колонкасида.



