Футбол мухлислари норозилик намойиши вақтида ҳукумат биносига ўт қўйди

Оқил Абдубарноев
17 май 2026, 19:22
Триполидаги футбол клубларидан бирининг мухлислари ҳакамнинг қароридан норози бўлиб, Ливия Миллий бирлик ҳукумати қароргоҳининг фасад қисми ва боғига ўт қўйишди. Бу ҳақда икки нафар гувоҳ ва маҳаллий телеканал хабар берди.

Пойтахтдаги тартибсизликлар пайшанба оқшомида, Триполининг "Ал-Иттиҳод" футбол клуби мухлислари Мисратанинг "Ас-Сувайҳлий" клубига қарши ўйинда ҳакамнинг пенальти белгиламаган қарорига норозилик билдириб, кўчаларга чиққанидан сўнг авж олди.

Учрашув Триполидан 65 километр жануби-шарқда жойлашган Тарҳуна шаҳри стадионида бўлиб ўтган. Ўйинни бевосита кузатиб борган "Reuters" журналистининг сўзларига кўра, "Ал-Иттиҳод" жамоасининг ҳакам қарорига эътирози туфайли баҳс 87-дақиқада тўхтатилган.

Журналистнинг таъкидлашича, "Ал-Иттиҳод" мухлислари майдонга бостириб кириб, мулкка зарар етказган ва стадион қўриқчиларини жароҳатлаган тартибсизликларни келтириб чиқаришган.

Икки гувоҳнинг сўзларига кўра, Триполида ўйинни ўз клуби базасида томоша қилаётган "Ал-Иттиҳод" мухлислари ҳукумат биноси томон юриш қилган ва "ўз ғазабларини ифодалаш учун" пиротехника воситаларини ишга солган. Оқибатда бинонинг фасад қисмида ёнғин келиб чиққан.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Reuters