Акмал Рустамов: "Жамоамизга янги "қон" керак"

17 май 2026, 23:39
Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичидан ўрин олган "Қизилқум" - "Бунёдкор" (0:2) учрашувидан кейин матбуот анжумани ташкил этилди.

Бунда "Қизилқум" бош мураббийи Акмал Рустамов иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Ўйин яхши ҳолат билан бошланмади. Ўзи шундоқ ҳам олти нафар футболчимиз жароҳат сабаб сафдан чиққан. Норхонов билан жароҳат олганлар еттита бўлди. Унинг оёғи сингани яхши бўлмади. Ҳужумчимизга соғлик тилаб қоламиз. Ўйинга келадиган бўлсак, яхши тайёргарлик кўргандик, бироқ вазиятлардан фойдалана олмадик. "Бунёдкор" ўз вазиятларидан фойдаланди, биз тўрт бор тўп киритишга яқин келдик. Афсуски, иккита бир хил таркибга эга эмасмиз. Асосий футболчиларимизнинг жароҳат олиши барибир таъсир қиляпти. Ёшларимизда ҳаракат бор, фақат тажриба кам. Ёшлар ҳам бор куч билан ҳаракат қиляпти, фақат футболда класс барибир билиниб қолади ва фарқ қилади. Иккинчи даврада ҳамма соғайиб сафимизга қайтса, ишимиз олдинга силжийди деб ўйлайман.

- Жамоангизда шундоқ ҳам ҳужумчилар кам. Мана энди Норхонов ҳам жароҳат олди. Буёғига муаммони қандай ҳал қилмоқчисиз?

- Кубокда яна битта ўйинимиз қолди. Шундан сўнг таътилга чиқамиз ва ҳужумчи қидиришни бошлаймиз. Жамоамизга янги "қон" керак. Тартиб-интизом билан рақобат ҳам ўз ўрнида бўлиши керак. Иккинчи даврада кучаямиз ва ҳаммаси яхши бўлади. Ўтган йил мавсумни 9-ўринда тугатгандик. Бу йил юқорироқ ўринларни хоҳлаймиз. Бунинг учун яхши футболчиларни топамиз ва юқорига ҳаракат қиламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›