

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бу ўйинни ютмасак бўлмасди, ғалабага муносиб эдик. Шошмай ҳаракат қилганимиз яхши бўлди, агар шошиб қолганимизда керакли натижага эришмаган бўлардик. Аксар рақиблар бизга қарши ҳимоявий схемани танлаб, қарши ҳужум асосида ўйинни қуряпти. Бугунги рақибимиз ҳам шундай усулда ҳаракат қилди. Бир-иккита вазиятларни инобатга олмаганда қарши ҳужумларга имкон бермадик. Қайсидир вазиятда рақиб дарвозабони яхши ҳаракат қилди, лекин ўйин томонлама тўлиқ устунлик бизда бўлди. Натижада гол уриб ғалаба қозондик.
- Шароф Муҳитдинов майдонга тушгач ўйин анча кучайди. Нега у баҳс бошидан майдонга тушмади?
- Шарофга бироз дам бердик, ўйинлар ораси қисқа, ротацияга қўл уряпмиз, олдинда янаям муҳим беллашувлар кутмоқда.
- "Насаф" яхши ҳужум қиляпти, комбинациялари ҳам чиройли, фақат охирги зарбани берадиган ўйинчи топилмаяпти. Футболчиларда ўзига бўлган ишонч йўқми?
- Ишонч бор, фақат совуққонлик етишмаяпти. Жарима майдончаси олдида ва ичида бирмунча совуққонлик билан ҳаракат қилиш керак бўлади. Бу ҳақда кўп гапиряпмиз ва йигитлардан шуни талаб қиляпмиз.
- Аксар клублар ғалабали ўйиндан кейин мукофот пуллари олишади. Бу борада "Насаф"да вазият қандай?
- Саволингизга жавоб бера олмайман. Бизда ҳам бўларди. Бугунги ўйинни олайлик, кўп меҳнат қилдик, охиригача курашдик. 90 дақиқа 180 пульс билан ишлаш жуда оғир. Ўйлайманки, бизда ҳам рағбатлантириш амалга ошади.
- Вилоят ҳокимлиги томонидан "Насаф"га 10 миллиард сўм ажратилди. Бундан хабардормисиз?
- Тўғриси, бу ҳақда ҳали эшитмадим.
- "Насаф" германиялик ҳужумчи билан қизиққани ҳақида хабар чиқди. Бу ростми?
- Бу миш-миш. Саудия биринчи лигасида ўйнар эканми?
- Буни билмадик. Лекин ҳужумчи эканини ва Германия U-21 жамоасида ўйнаганини ёзишди.
- Исмини эслай олмадим-у, Саудия Арабистони биринчи лигасида ўйнаган немис футболчисига қизиққандик, лекин унинг талаблари юқори бўлиб чиқди. Шу боис трансфер амалга ошмади. Кимнидир чақиришдан олдин чўнтагимизга қараймиз.
- "Машъал" ҳам Қашқадарё жамоаси, лекин уларда легионер кўп.
- Битта вилоят жамоаси бўлганимиз билан ҳомийларимиз бошқа-бошқа. Шу боис улар қайси шартлар асосида легионер олиб келаётганини билмайман.


