

19-турнинг энг яхши дарвозабони — Ботирали Эргашев (“Нефтчи”)
“Нефтчи” ортда қолган турда “Сўғдиёна”ни йирик ҳисобда таслим қилди (3:0). Бунда дарвозабон Ботирали Эргашевнинг ҳам ҳиссаси бор. 31 ёшли посбон баҳс мобайнида 4 марта ҳаводаги тўпни муваффақиятли илиб олган бўлса, 3 марта сэйв ҳам намойиш этди. Шундай қилиб, айнан у тур дарвозабони сифатида эътироф этилди.

19-турнинг энг яхши мураббийи — Анвар Ғофуров (“Сурхон”)
“Сурхон” бу турда ОКМК билан баҳс юритиб, дуранг ўйнади (0:0). Термизликлар 17-дақиқадаёқ 1 киши кам бўлиб қолишганига қарамай, дарвозани “қуруқ” сақлашди ва қимматли очкога эга бўлишди. Бунда мураббий Анвар Ғофуровнинг баҳсга ёндашуви ва шогидларига тўғри кўрсатма бергани қўл келди. Шу тариқа, Championat.asia ходимлари жамоаси мардонавор ўйин кўрсатган “Сурхон” устозини тур мураббийи номига лойиқ кўришди.

19-турнинг энг яхши футболчиси — Беҳзод Шамсиев (“Нефтчи”)
Юқорида айтилганидек, “Сурхон” бу турда ОКМК билан муроса кўчасини танлади (0:0). Бунда жамоа ҳимоячиси Беҳзод Шамсиевнинг ҳиссаси жуда катта. 25 ёшли футболчи учрашув мобайнида 31 марта самарали ҳаракатни амалга оширди. Хусусан, 11 марта тўпни олиб қўйган бўлса, 20 марта тўпни ўз жарима майдончаси томондан узоқлаштирди. Бундан ташқари, 3 бор ҳаводаги курашда ҳам ғолиб чиқди. Championat.asia ходимлари айнан Шамсиевни тур футболчиси деб топишди.

19-турнинг энг чиройли голи муаллифи — Шаҳзод Убайдуллаев (“Бухоро”)
“Бухоро” якунланган турда “Қўқон-1912” майдонига сафар уюштириб, дурангни расмийлаштирди (1:1). Жамоа ҳужумчиси Шаҳзод Убайдуллаевнинг 90+2-дақиқада урган голи жуда эсда қоларли бўлди. У олисдан белгиланган стандартдан ўнг оёқда тўғридан-тўғри дарвозани нишонга олди. Дарвозабон бу кучли зарба олдида ожиз қолди. Шу тариқа, Убайдуллаевнинг голи турдаги энг чиройлиси сифатида қайд этилди. Қуйида ушбу голни томоша қилишингиз мумкин.




