

74 ёшли функционернинг сўзларига кўра, германиялик футболчининг хасталигини оддий даволаш йўли билан тўлиқ бартараф этиб бўлмайди ва унинг ҳолати доимий дори-дармонлар назоратини талаб қилади.
“Биз қийин танлов олдида қолдик. Унда шунчаки даволаб бўлмайдиган касаллик бор, аммо уни маълум даражада дори-дармонлар ёрдамида назорат қилиб туриш мумкин. Бироқ у қачондир аввал кўрсатган даражасига қайта оладими?”, – деди Хёнесс.
"Бавария" фахрий президенти, шунингдек, вазиятнинг молиявий жиҳатига ҳам тўхталиб, футболчининг касаллиги шартномада кўзда тутилган суғурта қопламаси доирасига кирмаслигини қайд этди.
Хёнесс ўйинчининг жисмоний имкониятлари ўзгаргани сабабли клуб амалдаги келишувни шубҳа остига қўйиши мумкин бўлган вазиятни тасаввур қилишни таклиф этди. Шу билан бирга, "Бавария" Мусиаланинг шартномасини қайта кўриб чиқиш ниятида экани ҳақида хабар берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг августида германиялик ярим ҳимоячи ўйин вақтида икки бор ҳушини йўқотганди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам футболчига тиббий ёрдам кўрсатилган.
Кейинчалик Мусиала шифокорлар унда неврологик дисфункция билан боғлиқ қисқа муддатли абсанслар ташхисини қўйганини айтганди. Футболчининг ўзи бу хасталик муолажага яхши жавоб бераётганини таъкидлаган.
23 ёшли Мусиала 2020 йилдан бери "Бавария"нинг асосий жамоасида тўп тепиб келмоқда ва немис клубининг етакчи футболчиларидан бири ҳисобланади.



