Хайр, "пушка" ёхуд Германия термасидаги поляк йигити фаолиятига назар!
19 авг 2016 15:45
Янгиликлар
Хайр, "пушка" ёхуд Германия термасидаги поляк йигити фаолиятига назар!
Тан олинг, ўттиз бир ёш – бу ҳали ҳеч нима эмас эди, "ўн гулидан бир гули очилмаган" дейишадику. Доимо ёш ва навқирон Мирослав Клозе билан солиштирадиган бўлсак, Лукаш ҳали анча тер тўкиши керак эди. Яна 1-2 йил ўйнаб турса, терма жамоада голлар урса, ана бор ҳеч йўғи иккита гол! Ўшанда чиройли "50" кўрсаткичи забт этиларди. Лекин Подольскини бу каби рақамлар, шаҳсий рекордлар унчалик қизиқтармайди. 48 та голи билан ҳам қахрамонимиз кучли учликда! Терма жамоа тарихидаги энг омадли тўпурарлардан бири! Наҳотки, мақтанишга арзимаса? Сўзимиз аввалида ёдга олганимиз - Клозе, ҳурматли Герд Мюллер ва Лукаш Подольски – ёмон эшитилмаяпти-а, нима демадингиз?)
Терма жамоа танлаш масаласи ҳам қизиқ бўлган. Ҳали ёш йигит энди ўзини кўрсата бошлаганда, Польша ОАВи мамлакат термаси бош мураббийига ҳужумкор футболчини жамоага чақиришни маслаҳат беришади, аммо ўша вақтда терма устози бўлган Павел Янас қуйидаги фикрларни билдиради: "Бугунги кунда унга ўхшаган ва унданда кучлироқ ҳужумчиларимиз етарли. Нега энди айнан уни термага таклиф этишим кераклигини тушунмаяпман. 1-2 та омадли ўйин кўпчиликда бўлади. Бу маҳалла жамоаси эмас, Польша термаси. Сиз айтаётган спортчи эса ҳали ўз клубида асосий таркибнинг муқим футболчиси ҳам эмас". Йиллар ўтиб, мураббий катта хатога йўл қўйганини тушунган бўлса ажаб эмас. Ўшанда Лукас Польша шарафини ҳимоя қилиш ниятида эди. Аммо...
Подольски аввалига Германия ўсмирлар терма жамоасида (U-17) ўйнаган, 2004 йилда эса ёшлар термаси (U-21) таркибида 5 та учрашувда майдонга тушади ва кейинроқ ёшлар ўртасидаги Европа Чемпионатида қатнашади. Вақт ўтди ва ўз иқтидорини барчага кўрсатиб, термага лойиқ эканлигини исботлаб берганда, Подольски энди фақат Германия ҳақида ўйларди. Ўшанда бирор ким: "Поездингиз кетиб бўлди, ўртоқ Павел Янас" деганмикин? Буниси энди умуман муҳим эмас.
2004 йилги мавсум якунларига кўра, "Кёльн" Бундеслига билан хайрлашади, лекин Германия терма жамоаси мураббийи Руди Фёллер қахрамонимизнинг ўйинларидан шу даражада ҳайратланган эдики, уни ўз жамоасига таклиф қилади. Форварднинг Германия термаси учун дебют ўйини 2004 йилнинг 6 июнида, Кайзерслаутерн шаҳрида венгрларга қарши бўлиб ўтади. Баҳс охирида ўйинга қўшилган Подольски иккинчи лига клубидан таклиф этилиб, Германия термаси таркибида майдонга тушган (1975 йилдан то шу кунгача) тарихдаги биринчи футболчи ҳисобланади.
2005 йилда Лукас Европанинг (21 ёшгача) энг кучли уч футболчисининг бири деб тан олинади. Италиянинг "Tuttosport" газетасининг талқини бўйича Подольскидан фақатгина Лионель Месси ва Уэйн Руни кучлироқ деб топилади.
Лекин танганинг иккинчи тарафи ҳам бор деганларидек, Лукашнинг клублар миқиёсидаги фаолияти у қадар омадли ва мукофотларга бой бўлди деб бўлмайди. Бизнингча, ички чемпионатда порлаган юлдузларни ёппасига сотиб олувчи "Бавария"га кўчиб ўтиш, футболчи учун олдинга ташланган қадам бўлмаган. Лондоннинг "Арсенал"ида германиялик таҳминан икки мавсум ёрқин ўйин намойиш этди, кейин эса... Кейин Арсен ака Полдини Милан томонга жўнатиб юборди.
Шу тариқа, Лукас – ўртамиёна футболчи, унинг ўйин даражаси Кельн ва Галатасаройдан уёғига ўтмайди, ҳар нима қилганда ҳам "топ" клублар унга эмас деган фикр қолиб кетди. Яна кимдирларнинг айтишича, Лукаш барибир иқтидорини оҳиргача кўрсатиб беролмади. Ким нима деса десину, футболчини бу каби гаплар умуман қизиқтирмаслигини аниқ.
Меҳнаткаш – айнан Подольскига бериладиган таъриф. Профессионал, ўз устида ситқидилдан ишловчи, Руди Феллер, Юрген Клинсманн ва Йоахим Левнинг қўл остида, майдонда ҳар қандай вазифани бажаришга тайёр футболчи. Бу айни ҳақиқат, Подольски чап қанотда ҳам, вингер вазифасида ва марказий ҳужумчи сифатида ҳам фойдаланилган. Тактика қандай бўлишидан қатьий назар, Лукаш жамоа фойдаси учун ҳаракат қиларди. Чап оёқдаги жуда кучли зарбаси мухлислар ёдида кўп йиллар сақланиб қолади. Жаҳон чемпионати-2010 доирасида Австралия дарвозасига урилган гол, 201 км/соат тезликда учган тўп ва Роберто Карлоснинг ўша машҳур рекорди ҳам ўшандан иккинчи!
У жимгина ўз ишини қилиб юрди ва шунинг учун ҳам мухлислар ҳурмати, мураббийлар штабининг ишончига лойиқ кўрилди.
Австрия ва Швейцария майдонларида ўтган мусобақа кумуш медали, Жанубий Африкадаги Жаҳон Чемпионати бронза медали ва Бразилиядаги турнир олтини! Хабарингиз бор, спорт мусобақаларида 3 турдаги медаллар мавжуд - олтин, кумуш ва бронза. Қахрамонимизда ҳам истаган медалингиз топилади. Футболчи сифатида чинакам бахт учун яна нима керак?
Евро-2016 стартига оз қолганда, ОАВда Йоахим Левнинг қарори, якуний таркибга Подольски ҳам киритилгани, қизғин муҳокама қилинди. Кўпни кўрганлар айтишганидек, аввал сен обрў (авторитет) учун ишла, кейинчалик обрў сен учун ишлайди. Бу борада Лукашга тенг келадигани ҳозирги таркибда кам топилади. Ёшларга ўрнак, ички муҳитни, мураббий фикрларини жуда яхши биладиган, нафақат пресс-конференциялардаги провокацион саволларга учталик билан жавоб бера оладиган, балкир заҳирадан майдонга тушиб, жамоа ўйинини жонлантира оладиган футболчи эди Лукаш. Лекин спортчини "Интер" жамоасига ижараси ва у ердаги ўйинлари билан мақтаб бўлмайди, аммо Галатасаройдаги мавсум, 13 та гол ва 9 та голли узатма журналистлар билан "баҳсда" яхши қурол вазифасида ҳизмат қилди Йоахим учун. Ёш футболчиларни таркибга жалб этиш керак, лекин Лев ўз принципларига содиқ ва доимо ўз эҳтиётини қилиб, тажрибали шогирдларини ўзи билан олиб юради.
"Лукас доим жамоа учун жон куйдиради, ҳеч қачон терма сафида ўйнашдан бош тормаган. Машғулотларда ҳам, ўйин вақтида ҳам ишига маъсулият билан ёндошиши унинг эътирофга лойиқ жиҳатларидандир. Биз уни қўллаб-қувватлашимиз зарур", - дея таъкидлаганди Лев.
Еврода Лукас словакларни "мазаси қочгандан" кейин майдонга туширилди ва сўнгги 15 дақиқа билан кифояланишга мажбур бўлди.
Яқинда Бастиан Швайнштайгер ҳам халқаро фаолиятини якунлаши ҳақида эълон қилганди. Жамоа ветерани – шубҳасиз, немис футболининг тарихий вакилларидан бири, фаолиятининг энг яхши йилларида — чинакамига девор, дарвозабон - у хоҳ Оливер Кан бўлсин, хоҳ Йенс Леманн ёки Мануэль Нойер бўлсин, рақиб кипер уёқда турсин, жамоаси жарима майдончасига ҳам яқин йўлатмаган. Энди Лукаснинг навбати етди. Балки, у Басти каби машҳур эмасдир, лекин у каби стабил ("Арсенал" ва "Интер"даги фаолиятини инобатга олмаганда), ажойиб футболчилик фаолияти соҳиби. Ҳеч бир муболағасиз, катта ютуқларга эришган, мухлислар меҳрини қозонган бутун бир авлод кетмоқда. Лукаш уйдаги Жаҳон Чемпионатида (2006) бронза билан кифояланишга мажбур бўлган авлоднинг сўнгги вакили. Кўпроқ нарса кутилган, лекин кейинги ғалабаларга замин яратган, пойдевор вазифасини ўтаган - бронза.
Яна бир буюк футболчи фаолиятини якунлади! Ҳаёт қонуни шу - вақти келиб ҳамма кетади. Инсондан яхши ном ва қилган яхши ишлари қолгандек, Лукас Подольскини ҳам мухлислар ҳали узоқ вақт ўзига хос ўйинлари туфайли эслаб юришади деган умиддамиз. Барчаси учун раҳмат сенга Лукас Подольски!
Омонжон Тўхтамирзаев тайёрлади
Фикрлар