

"Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штабидан жой олган италиялик мутахассис Паоло Каннаваро "Жульяно" клубини бошқаришни рад этди.
45 ёшли мураббийга Раффаэле Ди Наполининг истеъфосидан сўнг бўшаб қолган лавозимни эгаллаш таклиф қилинган эди. Томонлар ҳатто 2027 йилнинг июнь ойигача, кейинчалик узайтириш имкониятига эга шартнома бўйича оғзаки келишувга ҳам эришишган эди.
Бироқ Каннаваро Ўзбекистон терма жамоасидаги ишини давом эттиришга қарор қилди. Унинг бу қарорига миллий терма жамоа билан амалдаги шартномаси ва жамоани бошқараётган акаси Фабио Каннаваро билан ҳамкорликни сақлаб қолиш истаги таъсир кўрсатди.
Паоло Каннаваро камида 2027 йилги Осиё Кубогига қадар Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штабида қолишни режалаштирмоқда", – дея хабар беради манба.
Паоло шу йилнинг 25 январь куни расман Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штабига кириб, 2025 йилнинг октябрь ойидан буён жамоани бошқариб келаётган акаси Фабио Каннаваронинг ёрдамчисига айланган эди.


