ФИФА кунларида учта ўйин ўтказамиз, Осиё Кубогидаги рақибларимиз-чи?

Aslanov Jasurbek
23 сен 2026, 16:12
21 сентябрдан навбатдаги ФИФА кунлари старт олди ва 6 октябргача давом этади.

Қишда Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Осиё Кубогига жамоалар тайёргарликни бошлаб юборган. Маълумки, ушбу мусобақада 24та терма жамоа иштирок этади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси "B" гуруҳидан жой олган бўлиб, ўз учрашувларини Баҳрайн, КХДР ва Иорданияга қарши ўтказади. Ушбу мусобақага жиддий ҳозирлик кўришни мақсад қилган жамоамиз жорий ФИФА кунларида учта ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.

24 сентябрь. Ўзбекистон - Эрон
1 октябрь. Ўзбекистон - Сурия
6 октябрь. Жанубий Корея - Ўзбекистон

Жаҳон чемпионатидан кейин дастлабки назорат баҳсини эртага Фарғонадаги "Истиқлол" стадионида Эронга қарши ўтказамиз. Баҳс соат 19:00да старт олади. Вакилларимиз шундан сўнг Тошкентга қайтиб, 1 октябрь куни Сурия термасига қарши майдонга тушишади. Катта эҳтимол билан мазкур беллашув "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтади.

Ундан кейин сафарга йўл оламиз ва 6 октябрь куни Жанубий Корея билан ўйнаймиз. Уйда иккита ўйин ўтказишимиз тушунарли, лекин нима учун учинчи учрашувни сафарда, бўлиб ҳам узоқда ўтказишимиз ғалати.

Айтайлик, уйдаги иккита ўйиндан сўнг Жанубий Корея билан сафарда расмий баҳс бўлса ҳам майли эди. Бу ўз-ўзидан кореяликлар манфаатини кўзлаб ташкил қилинган учрашувга ўхшаб қоляпти. Узоқ ўлкага бориб иккита ўйнаб қайтишни тушунса бўлади, лекин битта ўйин учун шунча масофа босиб кейин яна ортга қайтиш бир қанча муаммоларни туғдириши мумкин.

Биз каби Осиё Кубогининг бошқа иштирокчилари ҳам тайёргарликни бошлаб юборишган. Хусусан гуруҳдаги рақибимиз Баҳрайн бугун Саудия Арабистонида старт оладиган Кўрфаз Кубогида иштирок этади. Мазкур турнирда 8та араб жамоаси қатнашади.
"A" гуруҳи - Саудия Арабистони, Уммон, Ироқ, Қувайт.
"B" гуруҳи - БАА, Баҳрайн, Қатар, Яман.

Баҳрайн терма жамоаси эртага, 24 сентябрь куни Қатар билан беллашади, 27 сентябрь куни БАА билан куч синашса, 30 сентябрда Яманга қарши баҳс олиб боради.

Гуруҳдаги яна бир рақибимиз Иордания терма жамоаси 27 сентябрь куни Сурия ҳамда 6 октябрь куни Венесуэла терма жамоаси билан куч синашади.

Гуруҳдаги ўта сирли рақибимиз КХДР (Шимолий Корея) терма жамоасининг ушбу ФИФА кунларида нима билан машғул бўлиши тўғрисида афсуски, ҳеч қаерда маълумот берилмаган.

Х.Холиқов

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›