Тимур Кападзе: "Нега пенальти берилмаганини тушунмадим. Апрелни бир текисда ўтказа олмадик"

Абдулвосит Бектемиров
5 май 2026, 00:51
Суперлиганинг 11-туридан ўрин олган "Насаф" – "Навбаҳор" ўйинидан сўнг (0:0) наманганликлар бош мураббийи Тимур Кападзе ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Яхши курашларга бой ўйин бўлди. Икки жамоа ҳам имкон қадар ғалаба қозонишга ҳаракат қилди. Ҳужумда яхшироқ ҳаракат қилсак бўларди, имкониятларимиздан фойдалана олмадик. "Насаф" яхши ҳимояланди. Ўйлайманки, ғалабага биз яқинроқ эдик. Биринчи бўлимда нега пенальти берилмаганини тушунмадим. Экспертлар комиссиясининг хулосасини кутамиз. VAR бош ҳакамни вазият такрорини кўриш учун чақирди. Бор пенальти йўққа чиқди. Иккинчи бўлимдаги вазиятни кўрмай қолдим. Биринчи бўлимда эса 100% пенальти эди. Рақиб спортчига хос бўлмаган ҳаракат орқали футболчининг либосидан тортиб йиқитмоқда. Агар ушбу эпизод пенальти бўлмаса, яна қайси вазиятда пенальти бериш керак, билмадим. Бугун икки жамоа ҳам майдонда борини берди", - дея гап бошлади Тимур Кападзе.

- Жгереная ўтган ўйинда жароҳат олиб майдонни тарк этганидан сўнг "Бунёдкор" гол уриб кетган эди. Бугун уч марказий ҳимоячи билан майдонга тушишингиз Жгеренаянинг йўқлиги билан боғлиқми?

- Рақиб "Насаф"лиги учун шундай услубни танладик. Улар кўп ҳолатларда узун паслар орқали ўйнашмоқда. Шунинг учун ҳимояни янада мустаҳкамламоқчи эдик. Комилов ва Чичинадзе анчадан бери ўйнамаётгани туфайли яхши спорт формада эмас. Ҳужумга чиққанимизда эса Адҳамзода олдинда ёрдам берди. Тўрт киши ҳимояда қолаверди.

- "Навбаҳор" кўп вақт мобайнида тўпга эгалик қилганига қарамай, якуний зарбалар етишмади. Шунингдек, Алекс Фернандесдан ташқари бошқа футболчилар узоқ масофадан зарба беришмади...

- Имкониятимиз даражасида кўпроқ зарба беришга ҳаракат қилдик. Алекс кўп тепди. Аслида қайтган тўпга эгалик қиладиган футболчи топилмади. Кўпроқ тепганимизда янада кўпроқ имкониятларимиз бўлармиди. Ҳужум чизиғидаги ўйинчилар етишмаяпти. Ўринбоев жароҳат олган. Норчаев ва Ғиёсов тезроқ қайтса яхши бўларди. Ҳар бир футболчи бугун яхши ҳаракат қилди. Барчасини таҳлил қилиб чиқамиз.

- "Навбаҳор" бугун яққол ҳужумчисиз ўйнади. Бунга сабаб ҳужумчиларнинг ҳолати яхши эмаслигидами ёки бу ўйинга тайёрланган алоҳида режамиди?

- Рақибнинг камчиликларини ўрганишга ҳаракат қилдик. "Насаф"да ҳам йўқотишлар бор. Барча клубларда йўқотишлар бор. Рақибнинг схемасидан келиб чиқиб режа туздик. Биринчи бўлимда кўп пасларда хатога йўл қўйдик. Сафар ўйинларимиз осон кечмаяпти. Йигитларда ҳам ҳаяжон сезилиб турди.

- Суперлига танаффусга чиқди. Энди навбат Ўзбекистон Кубоги баҳсларига. Кубокдаги режалар билан ўртоқлашсангиз?

- Гуруҳимиз маълум. Тайёргарлик кўрамиз. Ротация қилиш ва йигитларга имконият берамиз. Апрель ойи оғир ўтди. Ўйинлар кўп эди. Биз ойни бир текисда ўтказа олмадик. Бунинг сабаблари бор, албатта. Ушбу танаффусдан унумли фойдаланамиз. Биринчи давра тугаб, кейин танаффус бўлганида ундан ҳам яхшироқ бўлар эди. Лекин олдинда мундиал бор, барчамиз кутган Жаҳон чемпионати. Шу сабаб бироз ўзгариш бўлди. Ҳеч қандай муаммо йўқ.

- Ёзги трансферлар ойнасида "Навбаҳор" янги футболчиларни харид қиладими?

- Ҳозирги таътил вақтидаёқ трансфер ойнаси очилганида зўр бўларди. Янги футболчиларда жамоага тезроқ қўшилиб кетиш имконияти пайдо бўларди. Адашмасам, трансферлар ойнаси июль ойида очилади. Қараймиз, кучайтиришимиз керак бўлган позициялар бор.

- Норчаев ва Ғиёсов қачон сафга қайтади?

- Кутяпмиз. Норчаев секин-асталик билан жамоавий машғулотларга қўшилди. Ўринбоев ҳали тиклангани йўқ. Ғиёсов индивидуал тарзда машғулот олиб боряпти. Танаффус давомида улар майдонга қайтади деган умиддаман.

- Умар Адҳамзода бугун ҳужумга берилиб, айрим вазиятларда ҳимояга қайтишга бироз кеч қолди. Ўзингиз ҳам унга бир вазиятга ортга қайтишни кўрсатма бердингиз...

- Режамиз шу эди. Беш нафар ҳимоячи билан ўйнадик, ҳужумда вақтимиз тўрт нафар ҳимоячи билан ортда қолдик. Яхши эпизодлар бўлди. Биринчи бўлимда ўйинга киришиб кетишга бироз қийналдик. Айрим вазиятларда яхшироқ ҳаракат қилсак бўларди.

- "Навбаҳор"да кўплаб стандарт вазиятлар бўлди, айниқса бурчак зарбалари. Менинг фикримча, "Навбаҳор" бугун стандарт вазиятлардан унумли фойдаланишда анча оқсади...

- Имкониятларимиз бўлди. Тўп ҳимоячиларимизга қадар етиб борди. 2-3 бурчак зарбамиз хавфли тус олди. Вазиятлардан яхшироқ фойдаланишимиз ҳам мумкин эди.

кападзее.jpg


Абдулвосит БектемировМуаллиф
Манба: