

– Ўйин ҳақида фикрингиз...
– Биз 20 минг мухлиси бор кучли жамоага қарши, уларнинг майдонида муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилдик. Ўйиндан олдин ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, бундай баҳсларда битта гол ўйин тақдирини ҳал қилади. Ўзингиз гувоҳ бўлдингиз, агар иккинчи бўлимдаги вазиятларимизни голга айлантирганимизда, балки ғалаба биз томонда бўларди. Йигитларга миннатдорчилик билдираман, улар бор кучларини бериб ҳаракат қилишди. Фикримча, яхши қаршилик кўрсатиб, муносиб ўйин намойиш этдик. Барчангиз кўрдингиз, биз яхши ҳимояландик ва ҳужумлар ташкил этдик. Фақатгина мана шу ҳужумларни гол билан якунлай олмадик, холос. Айнан шу омил мағлубиятга олиб келди.
– "Насаф" авваллари кубокни ютишга одатланиб қолган эди. Бироқ охирги уч йилда мусобақани жуда ҳам эрта тарк этмоқда. Бугун ҳам ўйиндан кейин ҳакамнинг олдига бориб, умуман, бутун жамоа ва шахсан ўзингиз нималарнидир муҳокама қилдингиз. Бу ҳолат Норчаевнинг қўлига тўп теккан вазият билан боғлиқми?
– Йўқ, ҳисоб 1:0 бўлиб турган пайтдаги сўнгги жарима тўпини бизнинг зараримизга белгилагани учун эътироз билдирдик. Бошқа ҳеч қандай гап бўлгани йўқ. Фақатгина ўша эпизод бўйича "Нима учун бу тарафга кўрсатилди?" деб сўрадик, холос. Бошқа ҳеч қандай савол бўлмади.
– Сизнинг шогирдларингиз бошқа жамоаларга ўтиб, муваффақиятли тўп тепмоқда. Бу одатий тус олди ва "Насаф" мухлислари буни қабул қилишга ўрганиб қолишди. Қачондир сизнинг ҳам бошқа жамоага ўтиб, бош мураббий бўлишингиз мумкинми ва буни "Насаф" мухлислари қандай қабул қилади, деб ўйлайсиз? Ҳар ҳолда, бу вақт масаласи-ку.
– Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Лекин бу ҳақда фақат савол берилганда кўп бора таъкидлаганман: биринчи вазифам ва мақсадим – ўз жонажон жамоамга қўлимдан келганча ёрдам бериш. Билмадим, ҳаётда ҳар қандай ҳолат юз бериши мумкин, ҳаммасини вақт кўрсатади. Лекин олдимда жамоани ташлаб, бошқа клубга ўтиш каби мақсад ёки ният ҳеч қачон бўлмаган.
– Яқин вақт ичида "Навбаҳор"га қарши иккита ўйин ўтказдингиз ва иккаласида ҳам 0:1 ҳисоби қайд этилди. Икки учрашувни солиштирганда, бир хил ўйин гувоҳи бўлдик десак ҳам бўлади. Бугунги ўйин ҳам шунга ўхшаш кечди. Саволим шундан иборатки, жамоага гол уриш учун нима етишмаяпти?
– Самарали ва савияли ҳужумчилар етишмаётгандир, эҳтимол. Билмадим, сўнгги ўйинларда биздан ҳақиқатан ҳам омад юз ўгиряптими ёки қаердадир совуққонлик етишмаяптими... Мана шу омиллар мағлубиятларимизнинг асосий сабабларидан бири бўлмоқда. Эсингизда бўлса, бу ҳолат "Пахтакор" жамоасига қарши баҳсдан бошланди. Ўшанда ҳам футболчиларимиз ҳужумда яхши ҳаракат қилишган эди, аммо қаердадир тўсин ва устунлар халақит қилди. Бугун ҳам вазиятлар кўп бўлди, аммо гол уролмадик. Шу сабабли ҳужумда озгина совуққонлик етишмай, ишларимиз юришмаяпти. Ўтган сафар ҳам таъкидлагандик, футболда шундай қоида бор: гол урмасанг, ғалаба қозонмайсан. Шунинг учун бу масалада йигитларга кўрсатмалар беряпмиз, лекин уларга ортиқча босим қилаётганимиз йўқ, чунки вазиятлардан фойдаланишда совуққонлик талаб этилади. Биламизки, ҳозир шундай мураккаб давр келди. Сабр қилишимиз ва ишлашда давом этишимиз лозим. Ўйлайманки, бу давр тез орада ўтиб кетади.



