

“Championat.asia" ва "90minutUz" ижодкорларининг навбатдаги "Тезкор студия" кўрсатувида экспертлар мағлубият сабаблари, таркибдаги муаммолар, Фабио Каннаваро штабининг иши ва жамоамизнинг Жаҳон чемпионати олдидан асл ҳолатини атрофлича таҳлил қилишди.
Таркиб ва ўйин услуби ҳақида
Нодирхўжа Юлдашев: — Мен кутганимдек, Абдуқодир Ҳусанов марказий ҳимоянинг ўнг қанотидан жой олди. Остон Ўруновга тўхталадиган бўлсак, у — "кайфият футболчиси". Унинг қачон ўз даражасидаги ўйинни кўрсатишини олдиндан тахмин қилиш қийин. Беҳруз Каримов эса жароҳатдан сўнг идеал спорт формасида қайтди ва ўзига билдирилган ишончни тўла оқлади. Шунингдек, Абдулла Абдуллаев ва Аббос Файзуллаевнинг ҳаракатларини ҳам беш баҳога лойиқ кўрган бўлардим. Элдор Шомуродов ва Рустам Ашурматов улардан кейинги ўринларда. Дарвозабон Ўткир Юсупов жамоани қутқаришга максимал даражада ҳаракат қилди.
Тан олиш керак, бу баҳсда Колумбиянинг кучи ва савияси яққол сезилди. Мазкур учрашув Нидерландияга қарши кечган баҳс сценарийсини такрорлади: биз гол уришимиз билан рақиб темпни оширди ва жавоб тўпларини киритди. Мени энг ажаблантирган жиҳат — Жамшид Искандеровнинг майдонга тушмагани бўлди. Сабаби, ҳужумда Игорь Сергеевни Искандеровсиз тасаввур қилиб бўлмайди, улар бир-бирини тўлдиради. Қолаверса, ютқазаётганда яна 5 та ҳимоячи билан ўйнаш тактикасида қолишни тушунмадим. Жамоада Жаҳонгир Ўрозовнинг қўпол хатоси ва бошқа камчиликлар кўзга ташланди. Шунга қарамай, дебютант терма жамоа сифатида умумий ўйиндан қониқиш ҳосил қилса бўлади. Вазиятга реал баҳо берайлик, йигитларни лойга ботириш ярамайди. Шахсан мен учун Фаррух Сайфиев терма жамоадаги энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди.

Стандарт вазиятлардаги инқироз ва персоналлар масаласи
Толибжон Қосимов: — Жарима зарбаларини кўкка совуришда давом этяпмиз. Бурчак ва жарима тўпларини амалга оширишда ҳеч қандай кескинлик ярата олмадик. Ҳатто рақиб жонли деворида биргина футболчи турган вазиятда ҳам тўп ўша деворга бориб тегди. Бу — устида бош қотиришимиз шарт бўлган энг катта муаммо. Бош мураббий Фабио Каннаваро машғулотларда бу компонент устида ишлаяптими ёки йўқми, буниси бизга қоронғи. Одатда, замонавий футболда бурчак зарбалари учун бир нечта тактик вариантлар тайёрлаб қўйилади, бизда эса бу борада оқсаш бор. Тўғри, йигитлар майдонда охиригача курашишди. Тан олиш керак, Ўрозов хато қилгунига қадар ҳам биз 1:2 ҳисобида мағлуб бўлаётган эдик.
Яна бир гап: хориж жамоаларида футболчилардан кўра техник ва тиббий персоналнинг (штабнинг) кўп бўлиши одатий ҳол, лекин бизнинг маҳаллий клубларда бундай тизим йўқ. Умид қиламизки, Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) Каннаваро олиб кирган бу тизимни ушлаб қолади ва кейинчалик олимпия ҳамда ёшлар терма жамоаларида ҳам қўллайди.
Каннаваро штаби атрофидаги пиар ва мураббийлар талаби
Нодирхўжа Юлдашев: — Штаб масаласидаги камчилик аслида ўзимизники. Каннаваро учун бундай кенг қамровли штаб билан ишлаш — одатий ҳол. Кейинги йил юртимизда ўтадиган Жаҳон чемпионатида 2007 йилда туғилган футболчиларимиз қатнашади, чунки Ўзбекистон — мезбон. Бу йўлда Республика футбол академияси (РФА) жамоасини Про лигага қўшишди. Лекин бу жамоа ҳали ҳам кундузи соат 17:00 да (иссиқда) машғулот ўтказяпти. Қўрқаманки, Каннаваро кетиши билан бу янгича тизим ва эътибор ҳам тугайди. Ваҳоланки, штабни кучайтириш кераклигини ва тизимли муаммоларни Эктор Купер ҳам, Сречко Катанец ҳам вақтида айтиб кетишган. Фақат Каннаваро вариантида пиар жуда кучли бўлди. Аслида Тимур Кападзе Олимпия терма жамоаси билан ишлаётган пайтда ҳам унга худди шундай катта штаб ва шароитлар қилиб берилиши керак эди.

Нарзулла Сайдуллаев: — Ҳозир ҳамма Элдор Шомуродовнинг вазиятдан фойдалана олмаганини ва хатосини гапиряпти. Лекин Достонбек Ҳамдамовнинг қанотдан узатган тўпини тўхтатмасдан дарвозага йўналтиришнинг ўзи катта маҳорат талаб қилади. Элдор бежизга Италия А Сериясида ўйнамаган ва Туркия чемпионатида тўпурар бўлмаган. Ўша вазиятда у ҳужумчи сифатида 95 фоиз ишни идеал бажарди.

Терма жамоанинг асосий камчиликлари нимада?
Миркомил Мусаев: — Менга шундай туюлдики, ўртоқлик учрашувларида асосий урғу фақат ҳимояга қаратилган. Каннаваро Абдуқодир Ҳусановдан ҳаддан ташқари кўп нарса талаб қиляпти. Эҳтимол, мана шу босим юқори бўлгани учунми, Ҳусанов кичик деталларда "жамоани қутқарувчиси" бўлишга интилиб, хатоларга йўл қўйди. Тезкорлик қиламан деб қизил карточка олиши ҳам мумкин эди, ҳакам аяди. Ҳимоя чизиғида Абдулла Абдуллаев шериклари Ҳусанов ва Ашурматовга нисбатан анча дадил ва совуққон кўринди.
Энг катта муаммо — иккинчи бўлимнинг 70-дақиқасидан кейин ҳимоядан ҳужумга ўтишда сусткашлик кўзга ташлангани бўлди. Ваҳоланки, олдинги чизиқ вакиллари тезроқ ҳаракат қилишяпти, очилишяпти. Бироқ марказий ҳимоячилар тезкор пас бериш ўрнига, хато қилишдан қўрқиб, Отабек Шукуровнинг орқароққа қайтишини кутиб қолишмоқда. Оқибатда, кўп қимматли вақт ва ҳужум темпи мана шу ерда бой бериляпти.
Ҳомийларимиз: CAU, “InfinBank”, “AKFA”, “Ucell”, “TT LLC”, “Black Cofee”, “OfoTour”


