Шавкат Юсупов: "Ҳакамлик борасида ҳеч қандай гапим йўқ"

1 май 2026, 21:23
Пролиганинг 6-тури доирасидаги "ФарДУ" - "Республика ФА" учрашуви 1:1 ҳисобида якунига етди.

Учрашув якунланганидан кейин мезбонлар бош мураббийи Шавкат Юсупов матбуот анжуманида қатнашди.

- Биринчи бўлимда ротация қилгандик ва бу иш бермади. Иккинчи бўлимда эса уларни алмаштирдик ва ротация учун ташланган футболчилар ўрнига ўтган ўйинларда қатнашган футболчиларни қўйгандик ва ўйин ўзгарди. Кўплаб ҳужумлар уюштирдик, голлар урдик. Лекин голларимизда қоидалар бузилган, деб топилди. Курашдик ва якунда гол уриб, мағлубиятдан қутулиб қолдик. Рақиб таркибида иқтидорли футболчилар йиғилган. Уларнинг хоҳиши кучлилик қилгани кўринди, лекин иккинчи бўлимда уларда чарчоқ аломатлари сезила бошланди. Шундан фойдаланиб, рақибга катта босим ўтказдик. Мағлубиятдан чиқиб кетиш учун жамоа қаттиқ меҳнат қилди. Йигитларга раҳмат айтаман. Кейинги ўйинларда ғолиб бўлиб, мухлислар ва раҳбарларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

- Жамоа ҳужум чизиғи вакиллари Бобурбек Фарҳодов ва Соҳиб Муҳаммадиев каби футболчиларнинг жароҳати сабабли Риза Айвазов яккаланиб қолгандек кўринди ва унга кўпроқ Нодирбек Каримов ёрдам берди.
- Ҳозирги кунга келиб, жароҳатланган футболчилар сони 5тага етди. Машғулотларда Соҳиб Муҳаммадиев жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиқди. Маҳаррам Абелфазов ҳам машғулотда жароҳат олди. Бобурбек Фарҳодов "Ғазалкент" билан ўйинда захирадан ўйинга қўшилиб, жароҳат олиб, яна захирага олинди. Шоҳруҳ Ёқубжонов "Арал" билан ўйинда тос суягидан жароҳат олиб, сафга қайтгани йўқ. Асосий таркиб футболчилари жароҳат олган. Бу вазиятдан чиқиб кетамиз. Олдиндаги ўйинларда ўзимизни кўрсатамиз, деган умиддаман. Меҳнат қиламиз, хатолар устида ишлаймиз ва кейинги ўйинга тайёргарликни бошлаймиз.

- Жасурбек Умаров жамоанинг асосий футболчиларидан. Бугун унда чарчоқ аломатлари кўрингандек.
- У тажрибали футболчилардан бири. Деярли барча ўйинларда тўлиқ иштирок этди. Бугунги ўйинда ҳам уни асосий таркибда майдонга туширгандик. Футболчи чрчаганда хатолари кўпаяди. Шу сабабли уни захирага олдик ва унинг ўрнида ўйнаган Ибоджон Абелфазов ҳужумларни бошлашда яхши ҳаракат қилди ва жамоани олдинга етаклади. Ҳар бир футболчимиз ғалаба учун ҳаракат қилди. Хатоларимиз бор, буларни тўғрилаб, ривожланишга ҳаракат қиламиз.

- Суперлига ва Пролигада сўнгги пайтларда ҳакамлар хатолари кўпайди. Бугун ҳам тушунарсиз ҳолатда жамоанинг голи бекор қилинди. Ҳакамлик ҳақида нима дея оласиз?
- Бу борада ҳакамлар қўмитаси бор ва улар бу билан шуғулланишади. Ҳакамлик борасида ҳеч қандай гапим йўқ.


Манба: championat.asia