"ФарДУ" бош мураббийи Шавкат Юсупов: "Рақиб посбони ўйинни яхши ўтказди"

Administrator
7 май 2026, 00:31
Пролига 7-турдан ўрин олган "БухДУ" – "ФарДУ" учрашуви 1:1 ҳисобида якун топди. Ўйиндан кейин "ФарДУ" бош мураббийи Шавкат Юсупов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Рақиб жамоа биринчи бўлимда яхши ҳаракат қилиб гол урди. Бизда ҳам имкониятлар бўлди, лекин "БухДУ" дарвозабони ўз ўрнида яхши ҳаракат қилди. Иккинчи таймда ўзгаришларни амалга оширдик ва бу ўзгаришлар ўз самарасини берди. Бир нечта имкониятнинг фақат биттасидан фойдаланиб тўп киритишга эришдик. Сафарда бир очкони қўлга киритдик.

- Жамоангиз етти турда 8та гол ўтказди. Бунга муносабатингиз?

- Дастлабки икки учрашувда нолга ўйнадик. Лекин шундан кейин гол ўтказишни бошладик. Гол уряпмиз ва ўтказяпмиз. Хатолар устида иш олиб борамиз. Насиб қилса камчиликлар барҳам топади. Энди футбол шунақа, кутилмаганда голлар ўтказиб юборяпмиз.

- Ўйиннинг қайи жиҳатларидан қониқмадингиз?

- Тўғриси, бу ерга ғалаба учун келгандик. Энди барибир ўйинда асабийлашиш бўлади. Анйиқса нимадир ўхшамаса кўпроқ асабийлашасиз. Четдан сизда бошқача кўринган бўлиши мумкин, лекин футболчиларимиз борини бериб ўйнашди. Уч очкони жуда хоҳлагандик. Шодиёр Ҳожиматовнинг зарбасини дарвозабон қайтарди, Нодир Каримов тепган тўпни ҳам дарвозабон олиб чиқди. Рақиб посбони ўйинни яхши ўтказди. Йигитларимиз меҳнат қилмоқда, ҳар бир ўйинга максимал куч беряпмиз. Насиб қилса тез орада яна ғалаба қозонишни бошлаймиз.

- Биринчи таймда нима мақсад қилинган эди ва иккинчи бўлимда нималарни ўзгартира олдингиз?

- Ҳар иккала таймда мақсадимиз ғалаба қозониш эди.

- Ўйин вақти 17:00га белгиланди. Футболчилар шу вақтда ўйнашга кўникиб бўлдими?

- Биз одатда ўйин вақтига мослаб машғулот олиб борамиз. Кун узайгани сари ўйин вақти ҳам кечроқ бўлади. Бу борада ҳеч қандай эътирозимиз йўқ. Чунки рақибимиз ҳам биз каби шу вақтда ўйнаяпти.

- Дарвозабонлар ўртасидаги рақобат ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

- Дастлабки турларда жамоамиз дарвозасини Жавоҳир Мақсудов қўриқлади. "Арал" билан ўйиндан сўнг Расул Абдумўминовга имкон бердик. Шундан бери шу дарвозабонимиз асосий таркибда ўйнаб келяпти.

- Майдон ҳолати бўйича фикрингиз.

- Майдон ҳолати идеал. Фақат маза қилиб футбол ўйнаш керак. Суперлига клуби уй учрашувларини ўтказган стадион бемалол талабга жавоб беради.


AdministratorМуаллиф
Манба: