

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида "ФарДУ" бош мураббийи Шавкат Юсупов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Жамоамиз мағлубиятга ҳақли эмасди. Суперлига вакилига жиддий қаршилик кўрсата олдик, фақат якуний қисмда тажриба ва совуққонлик етишмади. Меҳнат қилишда давом этамиз, хатоларни тўғрилаб борамиз. Бугун майдонда охиригача курашдик, бунинг футболчиларга раҳмат айтаман. Айтиб ўтганимдек, озгина омад келмади. Ҳужум чизиғимизда камчиликлар бор. Бу мағлубиятдан керакли хулосани чиқариб, кейинги баҳсга ҳозирлик кўришни бошлаймиз.
- Бобурбек Фарҳодов майдонни жароҳат билан тарк этди.
- Бобурбек бугунги ўйинни яхши ўтказди. Бир қатор вазиятлар яратди. У енгил жароҳат олди ва жароҳати оғир бўлиб қолмаслиги учун алмаштирдик. Ҳозирча оптимал спорт формасига киргани йўқ.
- Жамоангиз олдига Кубокда қандай мақсад қўйилган?
- Гуруҳдан чиқиб иложи борича узоқроқ бориш ниятимиз бор. Имкониятимиз бор экан, охиригача курашамиз.
- Ризаев бугун захирада қолди ва иккинчи таймда ўйинга қўшилди. Шунга муносабатингиз?
- Ризаев Пролигада кўп учрашувларни асосий таркибда ўтказди. Унга бироз дам бериш мақсадида бошланғич таркибга қўймадик. Ўйлайманки, у ҳам захирадан тушиб ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди.
- Аввалроқ жароҳат олган футболчилар тўлиқ тикландими?
- Шоҳруҳ Ёқубжонов жароҳатдан қайтиб яхши ўйин ўтказди. Маҳаррам Абелфазов ҳам секин-аста спорт формасига кириб боряпти.
- Кубок баҳсларида Пролига жамоалари Суперлига клубларига бўш келмаяпти. Бугун ҳам жамоангиз яхши ҳаракат қилди. Умуман бу йилги Кубок ўйинлари ҳақида фикрингиз?
- Рақибларни солиштирадиган бўлсак, кучли жамоаларга қарши йигитларимизда иштиёқ бошқача кўриняпти. Футболчиларимиз кўзи Пролигада ҳам ёнишини хоҳлайман. Бугун Суперлига савиясига яқин ўйин кўрсатдик, "Хоразм"дан яққол кучсиз эмасдик, шунчаки омад уларга кулиб боқди.
- Ёзги танаффус пайтида жамоада қандай ўзгаришлар рўй беради?
- Танаффусгача ҳали ўйинлар бор, ҳозир шулар ҳақида ўйлаймиз. Танаффусда эса таркиб борасида бош қотирамиз.



