

"Мағлубиятга ҳеч қандай баҳона йўқ. Бизга нима етишмаётганидан ҳамманинг хабари бор. Клубда аҳвол оғирлигини ҳамма яхши билади. Шу боис ортиқча гапириб ўтиришга ҳожат йўқ. Умуман олганда, яхши ўйин бўлди, фақат бизга омад етишмади. "Пахтакор"ни ғалаба билан табриклайман", – дейди Сардор Раҳмонов.
— "Пахтакор"нинг заиф томони шунда эдики, гол уриб олгач, суръатни (темпни) туширарди. "Бунёдкор" иккинчи бўлимда бундан фойдаланиб кетиши мумкин эдими?
— Рақибни ўрганиб чиққан эдик. "Пахтакор" ўз имкониятидан фойдаланиб кетди. Аксинча, биз гол урганимизда дуранг ўйнашимиз, балки ютиб кетишимиз ҳам мумкин эди. Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради.

— Ўйин якунлангач, ҳакамлар билан тортишгандек бўлдингиз...
— Тўртинчи ҳакам ва ёрдамчи мураббийимиз ўртасида тушунмовчилик бўлди. Мен бориб, ажратиб олиб кетдим. Бор гап шу.
— Мағлубиятлар давом этаверса, мусобақа жадвалида янада пастга тушиб кетиш хавфи юқори...
— Шундоқ ҳам вазият жиддий. Клуб ичидаги аҳволни ўзимиз яхши биламиз. Охиригача курашамиз. Пул беришмаяпти деб қўл қовуштириб ўтирмасдан ҳаракат қиламиз, балки кимдир ёрдам берар, муаммоларимизни эшитар.
— 8 ойдан бери маош берилмагани айтилмоқда. Мавсум якунлангач, жамоадан кетиш ниятингиз борми?
— Ҳали бу ҳақида ўйлаганим йўқ. Мавсум охиригача шартномам бор, профессионалмиз ва ишимизни охиригача етказиб қўямиз. Шундан кейин бир қарорга келиш мумкин. Кетганлар кетди, қолганлар эса охиригача курашади. "Маош беришмаяпти" деб майдонга тушмай қўймаймизку, ҳаммаси жамоа учун. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Балки вазият яхшиланиб кетар.



