Расул Раҳмонов: "Бугун Андижонда олти очколи ўйин бўлади"

Narzulla Saydullayev
13 авг 2016
Ўзбекистон чемпионати 18-тур доирасидаги ”Андижон”– “Қўқон-1912” жамоалари ўртасидаги ўйиндан олдин “Андижон” ўринбосарлар таркиби мураббийи Расул Раҳмоновнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Аввало ўринбосарлар ўртасидаги ўйин ҳақида тўхталсам. Ўйин тенг курашлар остида ўтди. Қўқон жамоасидан бунчалик уюшқоқлик ва тезлик кутмаган эдим. Улар мен кутгандан яхшироқ ўйин кўрсатишди. Бироқ омад бизга кулиб боқди. Шогирдларим яратилган вазиятлардан унумли фойдаланишди. Ўринбосарлар таркиби билан бу мавсум совринли ўринлар учун курашамиз.

Асосий жамоалар ўртасидаги баҳс эса, шубҳасиз олти очко учун ўйин бўлади. Бизгаям , Қўқон жамоасигаям очко сув ва ҳаводек зарур. Андижон жамоаси илгариги мавқеини тиклаш учун ҳаракат қилмоқда. Ҳар бир ўйинда ғалабани  кўзлаб майдонга тушмоқдамиз. Қўқонликлар ҳам осонликча очко берадиган жамоа эмас. Бугунги баҳс мухлислар учун жудаям қизиқарли бўлади  – дейди Расул Раҳмонов.

"Қўқон-1912" матбуот хизмати


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia