"Пусан Ай Парк" аъзоси Отабек Аҳадов: "Корея футболидаги юқори темп ва курашлар мени ҳайрон қолдирди"

Iskandarov Abdulaziz
2 ноя 2026, 13:55
Ўзбекистонлик ёш ва иқтидорли футболчилардан бири Отабек Аҳадов фаолиятини Кореянинг машҳур "Пусан Ай Парк" клубида давом эттирмоқда.

Мавсумни "Сўғдиёна" жамоасида бошлаган Отабек Ахадов ёзги трансферлар ойнасида Жанубий Корея К 2 Лигасининг "Пусан Ай Парк" клубига кўчиб ўтди. 22 ёшли ҳимоячи ҳозирга қадар янги жамоасида 4 та ўйинда майдонга тушди.

У янги жамоа, легионер мақомидаги илк таассуротлар, Корея футболининг ўзига хосликлари ва келажакдаги мақсадлари ҳақида қувонч ва қатъият билан сўзлаб берди.

​Легионерга айланиш – фаолиятидаги янги босқич

​— Легионерга айланишингиз қандай юз берди?

— Бу жараён мен учун кутилмаган, аммо фаолиятимдаги жуда муҳим қадамлардан бири бўлди. Агентим ва яқинларимнинг кўмаги билан Жанубий Кореянинг "Пусан Ай Парк" клубидан таклиф олдим. Мен бу трансферни фаолиятимдаги янги босқич, кучлироқ чемпионатда тажриба орттириш ва профессионал футболчи сифатида янада ривожланиш учун катта имконият деб биламан. Албатта, хорижда ўйнаш осон эмас, лекин энг муҳими — олдимда катта мақсадлар бор ва уларга эришиш учун бор кучим билан меҳнат қилишда давом этаман, Худо хоҳласа.

1.jpg

​Қулай шароитлар ва илиқ қабул

​— "Пусан", базаси, мураббийларингиз, дўстларингиз, ташқи ҳаёт ҳақида гапириб берсангиз?

— "Пусан Ай Парк" клубида шароитлар жуда яхши. Клуб базаси ҳам, машғулотларимиз учун яратилган имкониятлар ҳам менга жуда ёқди. Мураббийларимиз талабчан ва ўз ишининг профессионаллари. Жамоадошларим билан ҳам муносабатларим жуда яхши: улар мени илиқ кутиб олишди ва жамоага мослашишимда кўмаклашишди. Клубда жуда соғлом муҳит шаклланган.

​— Кореяга ўтаётганда Икром Алибоев, Сервер Жепаров, Санжар Турсунов каби футболчилар билан гаплашдингизми? Кореяда бизнинг футболчиларни кўпчилик ҳамон танийди...

— Кореяга келишдан олдин бу ерда ўйнаган ўзбекистонлик футболчилар билан суҳбатлашиб, чемпионат ва Кореядаги ҳаёт ҳақида керакли маълумотларга эга бўлдим. Кореяда нафақат ўзбек, балки бошқа хорижий давлатлардан келган футболчиларни ҳам жуда қаттиқ ҳурмат қилишади. Ҳозирча асосий вазифам — жамоага тўлиқ мослашиш, мураббийлар ишончини қозониш ва майдонда ўз имкониятларимни тўлиқ кўрсатиш. Келажакда ўзбекистонлик ва кореялик мухлислар ҳам мени яхши ўйинларим орқали танишларини истайман.

​Тезкорлик, жисмоний тайёргарлик ва тил тўсиғи

​— Корея футболининг тезкор ва жисмоний талаблари кучли. Мослашувни енгиб ўтишда нималар ёрдам беряпти?

— Кореяда футбол анча тезкор, курашларга бой ва жисмоний тайёргарлик жуда муҳим. Бунинг фарқини машғулотларнинг илк кунларидаёқ сездим. Ҳар бир вазиятда жуда тез қарор қабул қилиш талаб этилади, чунки ҳам машғулотлар, ҳам ўйинлар ўта юқори темпда ўтади. Мослашув жараёни эса мураббийлар, жамоадошларим ва клуб ходимларининг улкан ёрдами туфайли осонроқ кечмоқда.

​— Легионерга айланган кўп футболчиларимизда тил муаммо бўлади. Маҳаллий футболчилар ва мураббийлар штаби билан мулоқот қандай кечмоқда?

— Тил масаласи бошида бироз қийинчилик туғдирди. Клуб томонидан менга таржимон ажратилган, бу эса мураббийлар билан мулоқот қилиш ва кўрсатмаларни тушунишда катта ёрдам беряпти. Жамоадошларим билан баъзан таржимон, баъзан эса инглиз тилида гаплашаяпмиз. Ҳозир аста-секин корейс тили дарсларига бориб, ўрганишга ҳаракат қиляпман. Вақт ўтиши билан тил борасидаги муаммолар ҳам камайиб бормоқда.

​— К2 Лигаси — жисмоний курашлар, юқори темп ва агрессив футбол билан танилган. Ўзбекистон чемпионати футболидан сўнг бу лигада сизни ўйин тактикаси ва тезлиги жиҳатидан энг кўп нима ҳайрон қолдирди?

— Мени энг кўп ҳайрон қолдирган жиҳат — ўйиннинг деярли барча дақиқаларида юқори темп сақланиб қолиши бўлди. Бу ердаги футболчилар нафақат жисмонан кучли, балки тактик жиҳатдан ҳам жуда интизомли. Ҳар бир футболчи майдондаги вазифасини аниқ билади ва кичик хатолардан ҳам рақиб дарҳол фойдаланишга ҳаракат қилади. Яна бир томони, машғулотларда ҳам рақобат ниҳоятда кучли — ҳар бир ўйинчи асосий таркибдан жой олиш учун бор кучи билан курашади.

3.jpg

​Терма жамоа орзуси ва келажакдаги режалар

— Ўзбекистон терма жамоасидан чақирув олиш ҳар бир футболчининг орзуси. Хориждаги фаолиятингиз терма жамоа мураббийлари эътиборини тортишда қанчалик асосий омил бўлади деб ўйлайсиз?

— Албатта, Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўйнаш – менинг ҳам энг катта орзуларимдан бири. Фикримча, қайси чемпионатда ўйнашингиздан қатъи назар, энг муҳими — майдонда ўз маҳоратингизни кўрсата олиш ва доимий ўйин амалиётига эга бўлишдир. Кореядаги фаолиятим менга катта мактаб бўлмоқда. Бу ердаги кучли рақобат шароитида ўйнаш жисмоний ва тактик жиҳатдан ўсишимга хизмат қилади. Худо хоҳласа, яхши ўйинларим орқали терма жамоа мураббийлари эътиборига тушиб, миллий жамоамизга чақирилишни истайман.

​— К2 Лигасини кўпчилик футболчилар юқори лигага ўтиш учун трамплин деб ҳисоблашади. Сизда бу борада мақсадлар қандай?

— Ҳа, ҳар бир футболчининг олдига қўйган катта мақсадлари бўлади. Мен ҳам Корея лигасида ўзимни ҳар томонлама кўрсатиш, тажриба орттириш ва янада юқори поғоналарга чиқишни мақсад қилганман. Келажакда Кореянинг юқори лигаси ва Европанинг кучли чемпионатларида тўп тепишни хоҳлайман. Лекин буларнинг барчасига босқичма-босқич, тинимсиз меҳнат ва муносиб натижалар орқали эришамиз, Худо хоҳласа.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф