

Бу ҳақда журналист Николас Виньяски WiFi дастури эфирида маълум қилди. Журналист Аргентина терма жамоаси сардорининг маҳаллий футбол раҳбариятидан узоқлашишга қарор қилишига сабаб бўлган келишмовчиликлар ҳақида батафсил сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, Месси AFA'га турли тижорат лойиҳаларида унинг исми ва тасвиридан фойдалангани учун расмий эътироз юбориш мақсадида ўз адвокатларига мурожаат қилган.
"Аргентина футболининг бош юлдузи Клаудио Тапия ва AFA ғазначиси Пабло Товиджино билан шахсий ҳамда ишбилармонлик муносабатларини узишга қарор қилди. У юристларга AFA'дан Аргентина футболига алоқаси бўлмаган бизнесдан фойда олиш учун унинг образидан фойдаланишни тўхтатишни талаб қилувчи расмий хат тайёрлашни топширди", — деди Виньяски.
Журналист, шунингдек, AFA раҳбариятининг қарори туфайли Мессининг асосий халқаро ҳомийларидан бири билан юзага келган муаммолар ҳақида ҳам хабар берди. Футболчи Американинг Michelob пиво бренди билан эксклюзив реклама шартномаси асосида ҳамкорлик қилади ва унинг маҳсулотларини тақдим этади.
Бироқ Виньяскининг сўзларига кўра, миллий терма жамоага ҳомийлик қилувчи Аргентина компанияси жамоа билан боғлиқ реклама кампаниясида Мессининг тасвиридан фойдаланган. Бу халқаро ҳамкорнинг норозилигига сабаб бўлган ва унинг вакиллари футболчининг яқинлари билан боғланиб, тушунтириш талаб қилишган.
"Месси бу ҳақда ҳеч нарса билмаган. Бунга ким рухсат берган? Футболчининг бошқа, америкалик пиво ишлаб чиқарувчиси билан эксклюзив келишуви борлигига қарамай, Клаудио Тапия аргентиналик пиво ҳомийсига Мессининг тасвиридан фойдаланиш ҳуқуқини берган", — дея қўшимча қилди журналист.
Месси 2026 йил октябрь ойида Аргентина терма жамоасидаги фаолиятини якунлаган эди.



