

Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа 3,86 рейтинг очкосини йўқотиб, 59-ўриндан 61-поғонага тушган. Ўзбекистоннинг умумий очколари 1412,75 тани ташкил этмоқда.
Россия терма жамоаси эса ғалаба эвазига 3,86 очко қўшиб олди. Валерий Карпин шогирдлари 1541,31 очко билан 35-ўринда қолган.
Эслатиб ўтамиз, 12 ноябрь куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон 2:0 ҳисобида олдинда бораётганига қарамай, Россияга 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги ўртоқлик учрашувини 17 ноябрь куни Доҳада Саудия Арабистонига қарши ўтказади.
Қайд этиш жоиз, бу ҳозирча жонли рейтингдаги ўзгаришлардир. ФИФАнинг навбатдаги расмий рейтинги 18 ноябрь куни эълон қилинади.



