

"Mehr news" нашри журналисти Меҳди Мортазавиан сайтимиз журналисти Абдулазиз Искандаров билан суҳбатда Ўзбекистон терма жамоаси, Эрон кўраётган қийинчиликлар ва янги давр хусусида тўхталиб ўтди.
— Эрон 2014 йилдан буён Жаҳон чемпионатларида мунтазам қатнашиб келмоқда. Ўзбекистонда бу илк бор юз беряпти. Ушбу фактор олдиндаги мусобақада рол ўйнайдими?
— Эрон — Осиёнинг Жаҳон чемпионатларидаги энг тажрибали вакилларидан бири. Миллий терма жамоа 2014 йилдан буён дунё биринчиликларини мунтазам равишда ўтказиб юбормай келяпти. Бундай барқарорлик эса жамоага халқаро футболнинг энг юқори чўққисида бебаҳо тажриба тўплаш имконини берди.
Бугунги кунга келиб, Эрон учун шунчаки Жаҳон чемпионатига йўлланма олишнинг ўзи етарли эмас. Энди талаб ва кутишлар бутунлай бошқача. Форслар қитъанинг етакчи футбол мамлакатларидан бири сифатида эътироф этилмоқда ва жамоатчилик улардан навбатдаги қадамни кутяпти. Бугунги мақсад — гуруҳ босқичидаги учта ўйин билан чекланиб, уйга қайтиш эмас. Амир Ғаленои қўл остидаги жамоа турнирда узоқроқ қолишни, тўртта ёки бешта учрашув ўтказишни чин дилдан мақсад қилган. Албатта, жамоа атрофида ҳануз тактик ва техник саволлар мавжуд, бош мураббий ҳам маълум даражада танқидларга учраб турибди, бироқ талаблар аввалги авлодларга нисбатан анча юқори эканлиги шубҳасиз.
Ўзбекистон учун эса Жаҳон чемпионатига чиқиш — улкан тарихий ютуқ. Мусобақада 32 та ёки 48 та жамоа иштирок этишидан қатъи назар, ЖЧ футбол оламидаги энг йирик воқеа бўлиб қолаверади ва бутун дунё нигоҳини ўзига қаратади. Илк бор қатнашаётган терма жамоанинг қадамида ҳамиша ўзига хос сеҳр бўлади. Дебютантлар дунё саҳнасида ўзларини кўрсатиш учун турнирга ўзгача куч, юқори мотивация ва шижоат билан ташриф буюришади.
— Фабио Каннаваронинг тажрибаси бу борада қўл келадими?
Ишончим комилки, Ўзбекистон мана шу иштиёқдан унумли фойдалана олади. Бундан ташқари, мураббийлар штабини Фабио Каннаваро бошқараётгани жамоа учун катта устунликдир. Унинг Жаҳон чемпиони ва жаҳон футболининг энг ҳурматли намояндаларидан бири сифатидаги тажрибаси футболчиларга ушбу тарихий воқеа билан боғлиқ босим ва масъулиятни енгиб ўтишда ёрдам беради.
Ҳозирги босқичда Ўзбекистон учун энг муҳим омил — ўз кучига бўлган ишонч. Бу — етарлича истеъдод ва сифатли ижрочиларга эга жамоа. Агар футболчилар ушбу тарихий лаҳзаларни ҳис қилиб, ўз имкониятларига ишонишса, Ўзбекистон Жаҳон чемпионатида ёрқин ўйинлар кўрсатишга ва ижобий натижаларга эришишга тўла қодир.
— Жаҳон чемпионатига тайёргарлик охирги мундиалларга олиб борилган тараддуд билан фарқ қиляпти. Жамоа Мексикада яшайди. Ўйинлар бошқа шаҳарларда бўлиб ўтади. Логистикада муаммоларга учралиши аниқ. Бу омил таъсирини ўтказмайдими?
— Эрон ушбу Жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнида жиддий муаммоларга дуч келаётгани ҳақидаги фикрга қўшиламан. Бунинг асосий сабабларидан бири — жамоанинг қароргоҳи (базаси) ва ўйинлар ўтказиладиган стадионлар ўртасидаги логистика билан боғлиқ вазиятдир.
Эрон терма жамоасининг машғулотлар лагери Мексикада жойлашган бўлса-да, гуруҳ босқичи учрашувлари АҚШнинг Лос-Анжелес ва Сиэтл каби шаҳарларида бўлиб ўтади. Турнирнинг географик тузилиши туфайли Мексикадаги база ва мезбон шаҳарлар ўртасидаги масофа бошқа эҳтимолий вариантларга қараганда нисбатан қулайроқ туюлса-да, барибир бу омил жамоанинг тайёргарлиги ва умумий ўйинига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
Замонавий футбол фақат тактика ва техник маҳоратдангина иборат эмас. Тикланиш жараёни, сафарларни тўғри ташкил этиш, жисмоний ҳолат ва футболчиларнинг энергиясини сақлаб қолиш ҳам худди шундай муҳим аҳамиятга эга. Эронлик футболчилар турнир давомида Мексика ва АҚШ ўртасида бир неча бор парвоз қилишларига тўғри келади, бу эса, ўз-ўзидан, қўшимча жисмоний ва руҳий зўриқишларни келтириб чиқаради.
Жаҳон чемпионати даражасида эса ҳар бир кичик детал катта фарқни юзага келтириши мумкин. Йўл чарчоғи, машғулотлар жадвалидаги ўзгаришлар ва тикланиш учун вақтнинг қисқариши ўйин сифатига бевосита таъсир қилади. Айниқса, учрашувлар қисқа вақт оралиғида ўтадиган ва ҳар бир баҳс ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган бундай йирик турнирда бу омиллар яққол сезилади.
Шундай бўлса-да, мураббийлар штаби бу қийинчиликлардан тўлиқ хабардор. Эндиликда асосий масала — Эрон терма жамоаси футболчиларнинг тикланиши, йўл логистикаси ва ўйинларга тайёргарлик жараёнини қанчалик самарали бошқара олишида қолмоқда.

— Эронда олтин авлод тугамоқда. Ўзбекистонда эса яхши авлод етишиб чиқяпти. Форслар янги даврга ўтишга тайёрми?
— Эронда Амир Ғаленоига нисбатан билдирилаётган асосий танқидлардан бири — унинг ёш футболчиларга етарлича имконият бермаётгани билан боғлиқ. Бунинг оқибатида, Эроннинг "олтин авлоди" деб таърифланувчи жамоанинг ўзаги сўнгги ўн йил ичида деярли ўзгаришсиз қолди. Эрон бу авлодлар алмашинуви жараёнини анча яхшироқ бошқариши мумкин эди, деган фикрга қўшиламан, бироқ бош мураббий кўпроқ тажрибали ўйинчилар хизматига таянишни афзал кўрди.
Шундай бўлса-да, мен келажакка оптимистик руҳда қараяпман. Эрон Олимпия (U-23) терма жамоаси жуда истеъдодли ва мен бу таркибни мамлакат футбол тарихидаги энг кучли ёш авлодлардан бири бўлишига чин дилдан ишонаман. Ушбу футболчиларнинг кўпчилиги 2030 йилги Жаҳон чемпионатида Эрон терма жамоасининг асосий суячига айланиши кутилмоқда, шу боисдан ҳам авлодлар алмашинуви жараёни аллақачон бошланиб улгурди, деб ҳисоблайман.
— Жаҳон чемпионатида имкониятларимиз ҳақида гапириш қанчалик реал?
— Ўйлайманки, Ўзбекистон халқи биринчи навбатда мана шу тарихий лаҳзалардан завқ олиши керак. Жаҳон чемпионатига илк бор йўлланма олишнинг ўзи — улкан ва оламшумул ютуқ. Жаҳон чемпионати — бу футбол байрамидир ва ўз миллий терма жамоангнинг халқаро футболнинг энг олий саҳнасида тўп суришини кўришнинг ўзи ўзгача бахт ҳисобланади.
Бу борада олиб қараганда, Ўзбекистон аллақачон тарихий натижага эришиб бўлди. Футболчилар, мухлислар ва бутун мамлакат ўзлари амалга оширган бу буюк ишдан фахрланишлари лозим. Кўплаб халқлар учун Жаҳон чемпионатига чиқиш ўнлаб йиллар давомида ушалмас армон бўлиб келаётган орзудир.
Гуруҳ босқичидан кейинги раундга чиқиш масаласи эса — бутунлай бошқа мавзу. Бу кўп жиҳатдан қуръа натижалари, жамоанинг ўша вақтдаги спорт формаси ва тажриба каби омилларга боғлиқ бўлади. Бироқ, натижалардан қатъи назар, Ўзбекистоннинг турнирдаги иштирокининг ўзиёқ улкан муваффақиятдир ва бу лаҳзалардан юртдошларингиз чин дилдан завқланишлари керак.


